Электр тармоғи йўқлиги сув тежовчи технологияларни жорий этмасликка сабаб бўлмади

338

Қорақалпоғистон Республикасида деҳқончилик қилинадиган, хусусан, пахта етиштириладиган аксарият майдонларга электр тармоқлари етиб бормаган. Лекин бу тўрткўллик деҳқонларнинг сув тежовчи технологияларини жорий этмаслигига сабаб бўлмаяпти.

Тўрткўл туманининг «Жанбасқала» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Журабек СА» фермер хўжалиги пахта даласида ўтказилган кўргазмали семинарда шулар ҳақида сўз юритилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Д.Кдирбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Уразимбетов сўзга чиқиб, тумандаги «Журабек СА» фермер хўжалигининг сув тежовчи технологияни жорий этиш борасидаги ташаббусларини бошқаларга намуна сифатида қайд этди.

Шунингдек, туман ҳокими ўринбосари иштирокида, «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси ва қурилиш ташкилотлари масъуллари билан биргаликда туманда сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди. Маълумот учун, ушбу фермер хўжалиги 33 гектар майдонга Хитой технологияси асосида чигит экиб, 825 миллион сўмлик ўз маблағлари ҳисобидан томчилатиб суғориш технологиясини жорий этмоқда. Албатта, бу технологиянинг ишлаши учун насос агрегати зарур, у эса, электр энергияси билан ишлайди. Фермер хўжалиги аъзолари бу масалага ҳам замонавий, муқобил усулдан фойдаланди. Бу ҳудудда электр тармоқлари бўлмагани учун 200 миллион сўм эвазига 50 киловаттлик қуёш панеллари ўрнатилди.



Семинарда иштирокчилар сув тежовчи технология ва қуёш панелларини ўрнатиш ишлари билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан тегишли жавоблар олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги