Тежамкорлик – самарадорликга асос бўлмоқда

Президентимизнинг қарори ижросини таъминлаш мақсадида Элликқалъа туманида “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш масалалари” мавзусида йиғилиш ташкил этилди. Ушбу йиғилиш Бош прокуратуранинг Элликқалъа туманига бириктирилган масъул ходими Ф.Алламбергенов ташаббуси ҳамда туман идоралараро ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида ўтказилди, деб маълумот беради ҳокимлиги ахборот хизмати.
Йиғилишда туман ҳокими В.Ниязимбетов, соҳавий ташкилотлар раҳбарлари, тегишли корхоналар мутасаддилари ҳамда бошқа масъуллар иштирок этди. Мулоқот давомида энергия ресурсларини тежаш, энергия самарадорлигини ошириш, икки босқичли назорат тизимига ўтиш, энергия баланси ва унинг кўрсаткичлари, шунингдек, тежамкорлик дастурларининг ижросини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилиш доирасида туманда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, ойма-ой иқтисод режаларининг бажарилиши, газ балансини шакллантириш, ёқилғи ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳолати юзасидан ишчи гуруҳ аъзоларининг ҳисоботлари тингланди.

“Думанқалъа” маҳалласида жойлашган “BUSTAN GOLD TEKSTIL” МЧЖда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўрганилди. Йирик улгуржи истеъмолчи ҳисобланган мазкур корхонада ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлигини оширишга қаратилган ишларнинг ҳолати кўриб чиқилди. Мавжуд муаммолар ва келгусидаги режалар тингланди.
Шунингдек, “BUSTAN GOLD TEKSTIL” МЧЖ томонидан ўрнатилган 50 кВт қувватдаги қуёш панеллари ҳамда 300 кВар реактив энергияни компенсация қилиш ускуналарининг ишлаш ҳолати кўздан кечирилди. Масъулларга аниқ тавсия ва тегишли кўрсатмалар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги