Мақсад – ёшларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятига қизиқишини шакллантириш

238

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил бошида илгари сурилган ташаббус асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида биттадан мактаб божхона органлари томонидан оталиққа олинган бўлиб, уларда таълим олаётган ёшларни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятига қизиқишини шакллантириш мақсадида «Ёш божхоначи» тўгараклари иш бошлаган эди.

Ўқув йили давомида тўгарак доирасида ташкил этилган назарий машғулотлар божхона постларига чиққан ҳолда амалий мустаҳкамланмоқда.

Мактабда ўқиётган бир гуруҳ ёшлар учун «Нукус-аэропорт» чегара божхона постида «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилиб, унда ўқувчи ёшларга пост фаолияти, божхона чегаралари орқали ҳаракатланиш тартиб-қоидалари бўйича амалий ўқув дарслари ўтказилди.

Божхона назорати ва божхона расмийлаштируви бўйича ўқув-машғулотлари давомида берилган назарий билимлар, божхона постидаги назорат техник воситалари, ахборот дастурларидан фойдаланиш истиқболларини амалда кўрган ўқувчилар учун катта кўникмага айланди ва бу саёҳат уларнинг божхона органлари фаолияти ҳақидаги тасаввурларини оширишга хизмат қилди.

Халқаро аэропортларда божхона назоратининг амалга оширилиши, «қизил» ва «яшил» йўлакларнинг аҳамияти, сканер қурилмаларининг имкониятлари ва таҳлил қилиш қобилиятлари ҳақида тушунчаларга эга бўлган ўқувчилар, сайёр ўқув дарси давомида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.



Айниқса, амалий ўқув жараёнида профайлинг йўналишида олган кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган мусобақа-ўйинда ўқувчилар катта қизиқиш ва фаоллик билан иштирок этиб, божхона соҳасининг кенг кўламли фаолиятини ҳис этди.

Учрашув давомида божхона ходимининг тўрт оёқли йўлдоши (хизмат итлари) бўйича ҳам яна бир бор тушунтиришлар берилиб, пост кичик инспектор-кинологига бириктирилган хизмат ити ёрдамида амалий машғулотлар кўрсатилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги