Аҳил халқни ҳеч қандай куч енга олмайди

9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Қонликўл туманида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан «Мотамсаро она» ёдгорлик майдонида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокими Б.Султанов йиғилганларни байрам билан табриклаб, уруш майдонларидан қайтмаган, ушбу тинч замон кунларига етиб кела олмаган азиз инсонларни ёд этиб, ўша даврдаги уларнинг бугунги кун учун қилган фидокорлигини юқори баҳолади.
Меҳнат фронти ортида қатнашганларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб, жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасига кенг жамоатчилик вакиллари гулчамбарлар қўйди ва ҳурмат бажо келтирди.
Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар учун – шу юрт, шу халқ билан фахрланиш, унинг келажаги, фаровонлиги йўлида қайғуриш ва ҳаракат қилиш энг улуғ инсоний фазилатлардан биридир. Чунки, ҳар қандай миллатнинг, халқнинг фарзанди ўз миллатини, халқини улуғлаш учун яшаши керак. Ана шу ғоя атрофида бирлашган аҳил халқни ҳеч қандай куч енга олмайди.
Тадбир тумандаги Ёшлар сайли марказида давом этди. Ёшларнинг келажакка ишончи, руҳий кўтаринкилиги, берилаётган имкониятлар манбаи улар ўтказган ҳар бир байрам тадбирида яққол намоён бўлади.








Ҳамжиҳатлик, тинчлик ва фаровонлик рамзи бўлган Оқкабутар очиқ, осуда осмонимизга учирилиб, байрамга янада ўзгача руҳий кўтаринкилик бағишлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги