Ватан тараққиёти, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди.

Маълумотларга кўра, 1939-1945 йилларда бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон урушида ўша йиллари дунёда ўзининг суверен мақомига эга 74 давлатдан 62 мамлакатдан 127 миллиондан ортиқ киши иштирок этиб, шундан 71 миллиондан ортиғи ҳаётдан бевақт кўз юмди.
Жумладан, собиқ Совет Иттифоқи таркибидаги Ўзбекистондан 2 миллиондан ортиқ фуқаролар иштирок этиб, шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан зиёди концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоб-уқубатлар туфайли вафот этган, 60 мингдан ортиғи ногирон бўлиб қайтган.
Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани, 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга, 70 нафардан ортиғи учала даражадаги «Шон-шараф» орденига сазовор бўлгани, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз вакиллари томонидан жанг майдонларида кўрсатилган жасоратнинг юксак амалий эътирофидир.
Мамлакатимиз уруш йилларида фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айлангани, республикамиздан жанг майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилгани ўша машъум даврнинг яна бир унутилмас саҳифасини ташкил этади.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги «Ватан тараққиёти, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди» шиори остида республикамиз бўйлаб кенг нишонланди.
Байрам муносабати билан Нукус шаҳридаги «Мотамсаро она» ёдгорлик майдонига давлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари йиғилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев байрам муносабати билан «Мотамсаро она» ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Шунингдек, Қуролли Кучлар тизимига кирувчи тузилмавий тузилмалар вакиллари, вазирлик, идора, ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар ҳам ёдгорлик пойига гул қўйди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Нукус шаҳридаги «Ватанпарварлар боғи»да ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, «Хотира уйи»да аждодларимиз жасорати ва бошқа маълумотлар билан танишди.
Республикамиз санъат усталари ва Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан Ватанни, шунингдек, уруш йилларидаги ва бугунги бахтли ҳаётимизни тараннум этувчи қўшиқлар ижро этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.

Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, ҳар йилгидек бу йил ҳам Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимиз обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларимизни эъзозлаш мақсадида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 февралдаги «Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида, «Ватан тараққиёти, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди» шиори остида байрам тадбирлари ўтказилиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг АҚШ доллари миқдорида, ушбу тоифага тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм, меҳнат фронти қатнашчиларига 3 миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари ҳамда «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги» юбилей медаллари топширилгани муҳтарам фахрийларимизга эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Уруш фахрийлари ва ногиронлари учун тиббий ва ижтимоий хизматлар, жумладан, патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Улар ўз хоҳишига кўра санаторийларда даволанмоқда.

Ушбу қувончли кунларда халқимиз муҳтарам кексаларимиз, уруш ва меҳнат фахрийларини зиёрат қилиб, уларнинг дуоларини олмоқда.

Адилбай Оразов
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.