“Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими ишга туширилди

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 28 февралдаги “Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2025 йил 29 январдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигини рақамли трансформация қилиш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими ишга туширилди ва Агентлик қошидаги Махсус ситуацион маркази очилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими агентлик фаолиятининг барча йўналишларини — стандартлаштириш, метрология, сертификатлаш, аккредитация ва давлат назорати — қамраб олади ва барча жараёнларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш орқали қоғоз ҳужжат айланмасидан воз кечишга хизмат қилади.

Тизим 12 та функционал модулдан иборат. У Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси, Ягона идентификация тизими (OneID) каби давлат платформалари билан интеграция қилинган. Бу эса аризалар ҳолатини реал вақт режимида кузатиш, инсон омилини камайтириш ва барча жараёнларда шаффофликни таъминлаш имконини беради.

Шу билан бирга, Махсус ситуацион марказ фаолияти бошланади. У “Техник тартибга солиш” ахборот тизими экотизимини доимий мониторинг қилиш вазифаларини бажаради. Шунингдек, соҳадаги хатарлар ва муаммоларни аниқлаш ва таҳлил қилиш, қонунбузарликларни тезкор аниқлаш ва қарорлар қабул қилиш, 24/7 режимда тизимни самарали бошқариш имконини беради.

Ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши Ўзбекистонда халқаро сифат стандартларига эришиш, глобал майдонда мамлакат нуфузини оширишга хизмат қилади. Қолаверса, Корея Республикаси каби халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамят касб этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА