Ҳудудларда байрам кўтаринки руҳда нишонланмоқда

472

2025 йил 9 май куни Беруний туманидаги «Хотира» майдонида «Хотира ва қадрлаш куни» ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни Беруний тумани ҳокими И.Хидиров очиб бериб, уруш йилларида жанг майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимиз ҳақида самимий сўзлади. У ўз сўзида:

– 9 май «Хотира ва қадрлаш куни» сифатида кенг нишонланиши анъанага айланган. Жанг майдонларида жонини фидо қилган, фронт ортида меҳнат қилган, ҳозир орамизда соғ-саломат юрган фахрийларимиз – биз учун тирик афсона ва тарих, – дея таъкидлади.

Тадбир давомида Беруний туманидан етишиб чиққан жасур жангчилар – Ўрозбой Жуманиязов, Александр Данилович Трашков, Мирза Азимбоев ва Жабби Матниязовларнинг номлари алоҳида эътироф этилди. Улар Иккинчи жаҳон урушининг оғир кунларида душманга қарши мардона курашиб, жонини фидо қилган халқ қаҳрамонлари сифатида «Совет Иттифоқи Қаҳрамони,» «Олтин Юлдуз» ва «Қизил Юлдуз» орденлари билан тақдирланган.

Бугунги кунда Беруний туманида уруш йилларида фронт ортида меҳнат қилган 7 нафар фахрий истиқомат қилмоқда. Улар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ Ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб эсдалик юбилей медали ва пул мукофотлари билан тақдирланди, – дейди Беруний тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими бошлиғи А.Уразова.

Байрам тадбири давомида маданият ходимлари томонидан Ватанимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шунингдек, Мотамсаро она ва Афғон жангчиси ҳайкаллари пойига гуллар қўйилди.



Бундай тадбирлар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, аждодлар жасоратига ҳурмат руҳини сингдиришда муҳим аҳамиятга эга.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги