Эслаш ва қадрлаш энг олий фазилатлардан бири

9 май – Хотира ва қадрлаш куни. Меҳр-оқибат, қадр-қиммат, аждодлар руҳига эҳтиром каби халқимизнинг энг эзгу фазилатларини ўзида мужассам этган улуғ айём бу.
Мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрнига эга бўлган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз йўлида умрининг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказган инсонлар заҳматларини бемисл жасорат сифатида баҳолайди. Партия ғоялари, мақсад ва вазифалари моҳиятида ҳамиша ўтганлар руҳига эҳтиром кўрсатиш, тирикларни қадрлаш инсонийликнинг олий қадриятларидан бири эканлиги тараннум этиб келинади.
Хотира – бу қадр. Хотира – бу тарих. Зотан, кечаги кунимиз улуғларини ёд этиш, халқимиз келажаги йўлида жонини фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизнинг қадрига етишга, шукроналикка ўргатади. Бутун мамлакатимизда «Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди» шиори остида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда «9 май – Хотира ва қадрлаш куни» умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда.

Сана муносабат билан ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутатлари ва «Ёшлар қаноти» аъзолари пойтахтимизнинг «Амударё» МФЙ Қўнғирот кўчасида яшовчи юз ёшни қарши олган Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Қадирбай ота Нармановнинг хонадонида бўлишди.
Уруш фахрийси тинчлик кунларимизга шукроналик билдириб, партия фаолларига оқ фотихасини берди.
-Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти фидойилари ҳолидан хабар олиш партиямиз анъанасига айланган, – дейди Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Иристи Қуттимуратова.- Бу кун, нафақат урушда жонбозлик кўрсатган қаҳрамонларни йодга олиш, балки уларнинг фидокорона хизматларини қадрлаш, ёшларга ватанпарварлик руҳини сингдириш учун ҳам муҳимдир.
Дарҳақиқат, Қадирбай отанинг ҳикоялари тарихий ҳақиқатни ўзида мужассам этган бўлиб, уларда жасорат, матонат ва сабр-тоқатнинг ёрқин намуналарини кўриш мумкин. Бу каби суҳбатлар, фахрийларга кўрсатилган эътибор ва ҳурмат ёшларга руҳий таянч, куч-қувват бағишлаб, уларни Ватанга хизмат қилиш, ўз юртига фидойилик билан қараш руҳида тарбиялайди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги