Суд ташаббуси билан муҳим семинар ташкил этилди

307

Қорақалпоғистон Республикаси суди ташаббуси билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида «Тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари: суд амалиётидаги муаммолар ва уларнинг ечими» мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди.

Тадбирда судьялар, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси, прокуратура, давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, суд бошқарувчилари иштирок этди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Ктайбеков сўзга чиқиб, тўловга қобилиятсизлик (банкротлик) мураккаб ҳуқуқий жараён бўлиб, уни тўғри олиб бориш масъул соҳа вакилларидан чуқур билим, таҳлил қобилияти ва амалий тажриба талаб қилишини таъкидлади.

– Сабаби, суд амалиётида банкротлик ишлари сонининг ортиб бориши, айниқса, кичик ва ўрта бизнес соҳаларида, бу масалага алоҳида эътибор қаратишни талаб этмоқда, – дейди Б.Қтайбеков. – «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қарздорларнинг молиявий лаёқатини аниқлаш ва уларнинг тўловга қобилиятсизлигини тўғри баҳолаш имконини беради. Бинобарин, ушбу қонун нормаларини тўғри ва аниқ қўллаш соҳада юзага келиши мумкин бўлган турли муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

-2025 йилнинг 1 март ҳолатига судларнинг иш юритувида тугатишга доир иш юритиш муддати бир йилдан ўтган 82 та тўловга қобилиятсиз (банкрот) корхона бўлиб, ушбу тоифадаги ишлар айрим ҳолларда ҳаракатсиз қолдирилган ёки тугатувчи томонидан оралиқ ва якуний ҳисобот тақдим этилган. бу тоифадаги ишлар айрим ҳолларда ҳаракатсиз қолдирилган ёки тугатувчи томонидан оралиқ ва якуний ҳисобот тақдим этилмаган,» – дейди Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси А.Аяпов ўз маърузасида.- Қонун талабига кўра, ҳар чоракда оралиқ ҳисобот, иш якунланганда – якуний ҳисобот топширилиши шарт. Банкротлик жараёнларининг чўзилиши кредиторлар манфаатларига зарар етказади, иқтисодий айланмадаги ишончни камайтиради ва бизнес муҳитини тушунарсиз ҳолатга келтиради.

Тадбирда тўловга қобилиятсиз деб топилган ва бир йилдан ортиқ муддат давомида тугатиш ишлари якунланмаган корхоналарни тугатиш бўйича иш ҳолатлари ушбу ишга масъул бўлган шахслар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.




Шунингдек, Солиқ кодекси ҳамда «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонун ва бошқа қонуности ҳужжатлари нормалари билан ишлашда уларни амалда тўғри қўллаш, қонунчиликда белгиланган процессуал муддатларга қатъий риоя қилиш, ишларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларига зарар етказмаслик ва юзага келаётган муаммоли ҳолатларни қонун доирасида бартараф этиш зарурлиги атрофлича тушунтирилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан мутахассисларга қатор саволлар берилиб, уларга жавоблар олинди.

Адилбай Оразов

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги