Кубок учун мусобақа қизғин курашларга бой бўлди
Жорий йилнинг 7 май куни «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида таълим муассасалари ўқитувчилари ўртасида «Соғлом танда – сифатли таълим!» шиори остида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги учун ўтказилаётган спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
Ушбу мусобақаларни ташкил этишдан мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли фармони билан тасдиқланган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»нинг 67-мақсадида белгиланган вазифаларни амалга оширишдан, яъни, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқаролар сонини ошириш, таълим ташкилотлари ходимларини спорт тадбирларига кенг қамраб олиш, улар ўртасида мусобақалар ташкил этиш, спорт инфратузилмасини яхшилаш ва зарур спорт анжомлари билан таъминлаш, ходимларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, таълим ташкилотларидаги спорт секциялари ва тўгараклари ишини ривожлантиришга кўмаклашиш, ўқитувчиларнинг бўш вақтларида спорт билан шуғулланиши учун қулай шароитлар яратиш ҳисобланади.
Кубок учун ўтказилган спорт мусобақалари Нукус шаҳри 1- ва 2-сонли спорт мактаблари, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Ёшлар марказида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси вакиллари, тармоқ касаба уюшмалари Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раислари, масъул ташкилотчилар ва тегишли вазирликлар вакиллари иштирок этди.

Мусобақада ўтган босқичларда ғолиб бўлган 17 та жамоа таркибида 493 нафар ўқитувчи ва мураббий спортнинг оммавий турлари бўлган мини-футбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва волейбол бўйича ўзаро куч синашди. Ушбу мусобақаларнинг ўтган босқичларида 17 мингдан зиёд таълим муассасалари ходимлари иштирок этган эди.
Кун давомида спорт мусобақалари қизғин ўтди, мусобақа жараёни тажрибали ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди. Ҳар бир спорт туридан якка ҳолда ғолиб ва совриндор жамоалар аниқланди.
Стол тенниси бўйича аёллар ўртасида Тахиатош туманидан Ю.Худайбергенова биринчи, Хўжайли туманидан Ж.Маханова иккинчи, Тўрткўл туманидан С.Бекчанова учинчи, эркаклар ўртасида Элликқалъа туманидан И.Қурбонов биринчи, Амударё туманидан Д.Йўлдошев иккинчи, Беруний туманидан У.Машалов учинчи ўринни эгаллади.
Шахмат мусобақаси бўйича аёллар ўртасида 1-ўринни Чимбой туманидан Г.Бекмуратова, 2-ўринни Амударё туманидан Н.Гаипова, 3-ўринни Нукус шаҳридан Л.Уразалиева, эркаклар ўртасида эса 1-ўринни Кегейли туманидан А.Сапарбаев, 2-ўринни Амударё туманидан А.Балтабаев, 3-ўринни Шуманай туманидан Д.Жалгасовлар эгаллади.
Спортнинг шашка тури бўйича аёллар ўртасида 1-ўринни Қўнғирот туманидан Д.Уразбаева, 2-ўринни Элликқалъа туманидан М.Бабатаева, 3-ўринни Тахиатош туманидан Ф.Бекимбетова, эркаклар ўртасида 1-ўринни Тўрткўл туманидан Х.Реимбаев, 2-ўринни Хўжайли туманидан Ж.Сапаров, 3-ўринни Қораўзак туманидан Д.Тажимуратовлар эгаллади.
Жамоавий мусобақаларда волейбол бўйича аёллар ўртасида ўтказилган мусобақаларда Тахтакўпир тумани жамоаси биринчи, Нукус шаҳри жамоаси иккинчи, Мўйноқ тумани жамоаси учинчи, эркаклар ўртасида эса Нукус шаҳри жамоаси биринчи, Чимбой тумани жамоаси иккинчи, Қораўзак тумани жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Шу билан бирга, спортнинг мини-футбол тури бўйича ҳам мусобақалар қизғин беллашувларга бой бўлди. Унда 1-ўринни Нукус шаҳри, 2-ўринни Нукус тумани, 3-ўринни Кегейли тумани жамоалари қўлга киритди.
«Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги» спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида жамоавий ҳисобда Нукус шаҳри биринчи, Тахиатош тумани иккинчи, Амударё тумани учинчи ўринларни эгаллади.
Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган Нукус шаҳри жамоасига «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги» ва 30 миллион сўмлик пул мукофоти топширилди.
Шунингдек, ғолиб бўлган жамоаларга ва турли номинация эгаларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан диплом ва совғалар топширилди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги