Ғўза касалликлари ва уларга қарши кураш чоралари

Ғўзанинг бугунги кунда авж олиши мумкин бўлган сўлиш ёки вилт, илдиз чириш, гоммоз каби касалликлари мавжуд бўлиб, айни пайтда ушбу касалликларнинг олдини олиш бўйича амалга ошириладиган агротехник тадбирлар ҳосилнинг тўлиқ ва сифатли бўлишига замин яратади.
Ғўзанинг сўлиш ёки вилт касаллигини олиб қарасак, бу касаллик қўзғатувчисининг турига қараб, сўлиш касаллиги вертициллез ва фузариоз вилтга бўлинади. Касалликнинг ташқи белгилари ўсимликнинг ғунчалаш ёки гуллаш фазасида намоён бўлади. Дастлаб пастки қисмидаги баргларда кўпбурчакли ёки доира шаклидаги оч яшил, сўнгра сарғиш доғлар пайдо бўлади. Касаллик белгилари баргларининг қиррасида, барг илдизи оралиғида ёки бутун барг сатҳида пайдо бўлади. Зарарланган барг қўнғир тусга кириб, қурий бошлайди ва тўкилиб кетади. Касалликнинг ички белгилари касалланган ўсимлик поясини кўндалангига кесиб қаралганда, унинг ёғочлик қисми қорайиб, некроз пайдо қилганда кўриш мумкин.
Фузариоз вилти. Касаллик ингичка толали ғўза ниҳоллари пайдо бўлган даврдан бошлаб, бутун вегетация давомида кузатилади. Касалликнинг белгиси кўчатларнинг баргларида сарғиш доғлар пайдо бўлиб, барг илдизи тўрга ўхшаш кўринади. Дастлаб касалланган ўсимликларнинг бўғин оралари қисқариб, илдиз бўйни йўғонлашади, учки барглари зарарланмай сақланиб қолади.
Ғўзанинг илдиз чириш касаллиги. Республика шароитида ғўзанинг оддий ва қора илдиз чириш касалликлари учрайди. Касаллик чигит униб чиққан даврдан бошлаб то 3-4 та чинбарг ҳосил қилгунча давом этади. Касалликнинг дастлабки белгилари оддий илдиз чиришда ниҳолларнинг илдиз бўйнида тўқ жигар ранг доғ пайдо бўлишидан бошланиб, кейинчалик чирийди.
Гоммоз касаллиги. Касаллик ўсимликнинг барча ер устки органларини, барг, уруғ қисми баргчалар, поя, гул, рўвак ва толасини касаллантиради. Касалликнинг асосий белгиси ўсимликнинг зарарланган органларида ёғсимон томчилар пайдо бўлишидан бошланади. Баргда дастлаб бурчакли доғлар пайдо бўлади. Баргнинг юз шакли ўзгариб, барг бандида қўнғир доғларни ҳосил қилади.
Кураш чоралари: азотли ва калийли ўғитлар ўсимликнинг касалликка чидамлилигини оширади, ғўза далаларига бедани алмашлаб экишда фойдаланиш касалликни камайтиради. Уруғни зарарланмаган ўсимликлардан тайёрлаш, уни экишдан олдин фунгицидлар билан ишлов бериш, тупроқни чуқур ҳайдаш, ғўза қолдиқларини йиғиб олиб даладан чиқариб ташлаш фойда беради.
Қарши кураш чоралари: агротехник тадбирларга риоя қилиш, алоҳида сифатли дориланган уруғларни экиш, сийраклаштириш ва қатқалоққа қарши курашишни ўз вақтида ўтказиш, алмашлаб экишга амал қилиш ва ғўза пояси қолдиқларини илдизи билан даладан чиқариб ташлаш.
Ғўза касалликларига қарши қўлланиладиган фунгицидлар рўйхати:
ZEREBRA s.e (75-100 мл/т+150-200 мл/га) экиш олдидан уруғни ишлашда қўлланилади.
СПОРАГИН с.э.к (2,0 л/т+2,0 л/га, 2,0 л/га) экишдан олдин уруғни дорилашда ва 2 марта ўсимликнинг ўсиш даврида пуркаш йўли билан, мавсумда 3 мартагача қўлланилади. (фузариоз, вилт ва тупроқдаги инфекцияларни камайтиради).
ТРИХОДЕРМИН н.кук (0,2кг/т+0,3кг/га) ўсимликнинг ўсиш даврида пуркаш йўли билан, мавсумда 3 мартагача қўлланилади. (фузариоз, вилт ва тупроқдаги инфекцияларни камайтиради).
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти
Қорақалпоғистон Республикаси филиали.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги