Бугун барча ходимлар 1 соат аввалроқ уйларига кетиши мумкин

247

Бугун, 8 май куни барча ходимлар қонуний асосда ишдан 1 соат вақтлироқ кетиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 187-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра байрам (ишланмайдиган) кунлар арафасида кундалик иш (ёки смена) муддати камида бир соатга қисқартирилади.

Маълумки, 9 май – «Хотира ва қадрлаш куни» мамлакатимизда расмий дам олиш куни ҳисобланади. Шу муносабат билан бугун барча ходимлар одатдаги иш вақтининг тугашидан 1 соат олдин уйга кетишига рухсат берилади. Масалан, одатда кечки 18:00 гача ишловчи ходимлар бугун 17:00 да ишни тугатиши мумкин.

Мазкур тартиб барча ишчилар учун умумий ҳисобланади. Шунга қарамасдан, ишнинг узлуксизлиги таъминланиши зарур бўлган ташкилотларда ёки иш жараёнининг ўзига хос хусусиятлари туфайли вақтни қисқартириш имкони бўлмаган ҳолатларда, ходимларга ортиқча ишлаганлик учун компенсация белгиланади.

Бу компенсация ходимнинг розилиги билан иш вақтидан ташқари ишлаган соатлар учун қўшимча дам олиш вақти бериш ёки меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган нормалари асосида пул шаклида тўланади.

Шу сабаб, бугун меҳнат қилаётган барча ходимлар ўз вақтини тўғри режалаштириб, белгиланган тартибга мувофиқ 1 соат эртароқ уйга қайтиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.