Ўзбекистон делегацияси Индонезияда қайта тикланувчи энергия интеграциясини ўрганмоқда

220

Шу кунларда Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Индонезияда бўлиб турибди.

Делегациянинг хизмат сафари давомида “Қайта тикланувчи энергия манбаларининг тармоққа интеграцияси” (Variable Renewable Energy Integration to the Grid – VRE) мавзусида халқаро ўқув-семинар ташкил этилди.

Осиё тараққиёт банки томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда иштирокчиларга Индонезиянинг ўзгарувчан қайта тикланувчи энергия манбаларини тармоққа қўшиш борасидаги институционал, техник ва сиёсий ёндашувлари бўйича маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, семинарда қайта тикланувчи энергия манбаларини миллий электр тармоғига самарали интеграция қилиш масалалари маҳокамасига атрофлича эътибор қаратилди.

Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси Индонезия энергетика ва табиий ресурслар вазирлиги, маҳаллий тармоқ операторлари ҳамда бир нечта муваффақиятли VRE лойиҳалари амалга оширилган объектларга ташриф буюриб, уларнинг фаолияти, бошқарув механизмлари ва технологик ечимларини ўрганмоқда. Хусусан, VRE лойиҳалари доирасида фотоэлектр станцияларини электр тармоғига барқарор ва синхрон тарзда улаш, маълумотларни автоматлаштирилган мониторинг орқали назорат қилиш, қувватнинг кескин ўзгаришини камайтиришга қаратилган ҳудудий бошқарув ечимлари билан боғлиқ етук тажрибалар намоён қилинаётир.

Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, мазкур ўқув ва Индонезия тажрибаси Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини жадал ривожлантириш, уларни миллий тармоққа муваффақиятли интеграция қилиш ва энергетика соҳасида барқарор тизим яратишда амалий аҳамият касб этади.

Эслатиб ўтамиз, делегациянинг амалий сафари 9 май куни якунланади.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА