Соҳа замон талаби асосида жадал ривожланмоқда

293

7 май – Ўзбекистон Республикаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни

Дарҳақиқат, бугунги кунда замонавий иқтисодиётнинг энг истиқболли соҳаси ҳисобланган ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга катта аҳамият қаратилмоқда.

Алоқа ходимларининг касб байрамини нишонлаш учун 7 май санаси бекорга танланмаган. 1895 йил 7 май куни Александр Попов биринчи радиоприёмникни лойиҳалаштирди ва симсиз алоқа асосида биринчи сеанс амалга оширилди. Ушбу кун алоқачиларнинг касб байрамини нишонлашга асос бўлиб, йиллар ўтиб алоқачиларнинг бу кунни касб байрами сифатида белгилаши анъанага айланди.

7 май – бу юз минглаб алоқачилар, радиотехник мутахассислар, радио ва телевидение каналлари ходимлари, почта ходимлари, радиофизика факультетлари ўқитувчилари ва талабаларининг байрами. Бу байрамни яна мамлакатимизда рўй бераётган муҳим воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ахборотлар етказиб берувчиларнинг ҳам касб байрами, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Алоқачиларнинг кундалик машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш осон эмас. Бу, энг аввало, барқарор меҳнат, янги воситалар ва маълумотлар етказиб беришнинг турли усулларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш демакдир.

Президентимизнинг тегишли фармони билан (2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сонли фармони) 7 май санаси Ўзбекистон Республикаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни этиб белгиланди.

Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида Вазирлар Кенгаши ва Рақамли технологиялар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий сектори томонидан байрамга бағишланган тадбир ташкил этилди.

Унда республикамиздаги ва Хоразм вилоятидаги алоқа соҳаси муассасаларининг раҳбарлари, мутахассислари, радиотехник мутахассислар, радиофизика факультетларининг ўқитувчилари ва талабалари, соҳа фидойилари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, туризм ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси М.Атамуратов ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларни касб байрами билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини билдирди.

Таъкидланганидек, республикамизда алоқа соҳасида ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи чораги давомида қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, мобил алоқа тармоқларини кенгайтириш учун 168 та янги таянч база станцияси ўрнатилди, 480 та база станцияси модернизация қилинди, ҳудудимиздаги 1123 та аҳоли пунктининг 99,6 фоизи мобил алоқа билан, 96,6 фоизи кенг полосали мобил интернет хизматлари билан қамраб олинди. Аҳолини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш учун 7,6 минг километр оптик толали алоқа кабели тортилиб, унинг жами узунлиги 25,7 минг километрга етказилди. Юқори тезликдаги интернетга уланиш учун 98,5 мингта портлар ўрнатилиб, уларнинг сони 392,9 мингтага етказилди ва фойдаланувчилар сони 215 мингдан ошди.

Барча умумтаълим мактаблари, болалар боғчалари, соғлиқни сақлаш объектлари, фуқаролар йиғинлари ва профилактика инспекторлари хоналари юқори тезликдаги интернет билан таъминланди ҳамда ахборот тизимлари тортилди.

Шунингдек, IT соҳасида мутахассислар тайёрлашни янада такомиллаштириш, дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янгидан қурилган 17 қаватли IT парк филиали биноси фойдаланишга топширилди.

Ўтган 2024 йилнинг I чораги давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича кўрсатилган алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг ҳажми 192,8 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 298,9 млрд. сўмга етказилди. Бу ўтган йилга нисбатан 1,55 баробар кўп.

Тадбирда қатор соҳа фидойилари, фахрийлар фахрий ёрлиқлар, кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.


 

Тадбир санъат усталари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги