Банк тизимидаги коррупциявий омиллар муҳокама қилинди

248

Банк хизматларидан фойдланишда коррупция ҳолатларининг олдини олиш учун соҳада рақамлаштириш жараёнлари изчил амалга оширилмоқда. Бугунги кунда тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларга 12 турдаги, юридик шахсларга 14 турдаги молиявий хизматлар кўрсатилмоқда. Бу жараёнда инсон омилининг камайиши ҳисобига тижорат банклари томонидан кредит маблағларини ажратиш муддати 3 кундан 10 дақиқагача қисқартирилди. Банк карталарини онлайн тарзда очиш, мижозларни идентификация қилишни биометрик маълумотлар асосида амалга ошириш ҳамда ҳужжатларни автоматик равишда текшириш йўлга қўйилди.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг йиғилишида айтиб ўтилди. Унда Марказий банк ҳамда тижорат банкларининг “Тижорат банклари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга имтиёзли кредит ажратишда коррупция омилларини бартараф этиш, шу жумладан молиявий хизматлар кўрсатишда инсон омилини чеклаш, бу борада рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотлари эшитилди.

Эшитувда қайд этилганидек, тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ҳужжатларини сохталаштириш, норасмий тўловлар талаб қилиш, кредит олишда белгиланган тартибга зид равишда сунъий енгилликлар яратиш, кредитлардан мақсадсиз фойдаланиш, ўзлаштириш ҳолатлари учрамоқда. Бу эса банкларда катта миқдорда муаммоли кредитлар юзага келишига, шунингдек, коррупция ҳолатларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Ҳисоб палатаси томонидан 6 та тижорат банкида ўтказилган аудит тадбирлари натижаларига кўра, “Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси”дан хизматлар соҳасини ривожлантириш учун ажратилган 858,3 млрд. сўмлик кредитларнинг 140 млрд. сўми кредитлар бўйича тизимли мониторинг ўрнатилмагани сабабли муаммоли кредитга айланган. Бундан ташқари, кредит ҳисобига сотиб олинган 176 млрд. сўмлик асосий воситалар қарздорларнинг балансига кирим қилинмаган. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилган кредитлар бўйича 1,7 трлн. сўмлик муаммоли ҳамда банк харажатлари ҳисобига балансдан чиқарилган 2,9 трлн. сўмлик самарасиз кредит қарздорликлари мавжудлиги аниқланган.

Муҳокамаларда соҳадаги ушбу ҳолатлар депутатлар томонидан танқидий таҳлил қилиниб, бир қатор таклифлар берилди. Коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни чуқур таҳлил этиш, молиявий хизматлар кўрсатишда сунъий интеллектдан фойдаланиш, хизматларни рақамлаштириш зарурлиги айтилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА