Бир асрлик ҳаёт сабоқлари билан ўртоқлашди

472

9 май — Хотира ва Қадрлаш куни

9 май — Хотира ва Қадрлаш куни мамлакатимиз бўйлаб миллий қадрият, хотира ва миннатдорлик руҳида кенг нишонланмоқда. Мазкур сана арафасида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қаипбергенов Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи уруш фахрийси Қадирбай Нармановнинг хонадонида бўлди.

Қадирбай Нарманов — бир асрлик ҳаёт йўлини босиб ўтган, жонкуяр, сабр-матонатли инсон. У жонкуярлиги ва ватанпарварлиги билан нафақат уруш фронтида, балки кейинги йилларда меҳнат фронтида ҳам фидокорона хизмат қилган. Унинг хотирасида сақланган уруш йилларининг оғир кунлари, халқнинг сабр-матонати, ҳамжиҳатлиги ва бирликда кўрсатган жасорати — бугунги авлод учун беқиёс сабоқдир.

Учрашув чоғида Қадирбай ота урушнинг аянчли оқибатларини сўзлаб берди. Унинг айтишича, бугунги тинч ва фаровон ҳаёт — ўтмишдаги фидокорликлар, жон фидолар ортидан қўлга киритилган катта неъмат эканлигини алоҳида таъкидлади. Тинчлик қадрини билиш — ҳар бир инсоннинг бурчи шунингдек, барчамиз шукроналикни унутмаслик керак — деди у самимий суҳбат чоғида.

Партия раҳбари нуроний отахонни байрам муносабати билан самимий қутлаб, эсдалик совғаларини топширди. Ушрашув давомида нуроний отахоннинг саломатлигига ҳам эътибор қаратилиб, тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Махсус тиббиёт ходимлари Қадирбай отанинг умумий саломатлиги юзасидан зарур тавсиялар бериб, профилактик кўмак кўрсатишди.

Албатта, бундай учрашувлар, аввало, ёш авлоднинг маънавий тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Давлатимиз томонидан билдирилган бугунги  юксак эътибор — ўтмишга эҳтиром, бугунга ғамхўрлик, келажакка эса масъулият белгисидир.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги