Ички ишлар органларининг ахборот инфратузилмасида криминоген вазиятлар таҳлили автоматлаштирилади
Давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатда ички ишлар органларининг ахборот инфратузилмасини ягона тизимга бирлаштириш, криминоген вазиятлар таҳлилини автоматлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Ички ишлар органлари таркибида Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади. Уларнинг зиммасига рақамли ечимларни жорий этиш ва мувофиқлаштириш, электрон давлат хизматларини такомиллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби вазифалар юклатилди.
Бу ички ишлар органлари ва рақамлаштириш соҳаси мутахассислари ҳамкорлигида амалга оширилади.
– Ички ишлар органлари тизимини рақамлаштириш, янги босқичга олиб чиқиш вазифаси қўйилди, – деди Рақамли технологиялар вазирлиги ахборот тизимлари ва идоралараро интеграция бўлими бошлиғи Бобур Аллаберганов. – Айтиб ўтиш керакки, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасига сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш мақсадида бугунги кунга қадар соҳада бир қатор рақамли фаолият йўлга қўйилган.
Масалан, 2022-2024 йилларда ички ишлар органлари соҳасига 33 ахборот тизими жорий этилди. Бошқа идоралардан 240 дан ортиқ маълумотлар бир-бирига уланди, 39 турдаги давлат хизматлари рақамлаштирилди. Бу соҳадаги фаолиятнинг кўп қисми рақамлаштирилгани ва аҳолига ва юридик шахсларга ушбу хизматлардан электрон кўринишда фойдаланиш имконияти яратилганини билдиради.
Натижада ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали айнан ички ишлар органлари соҳасига тегишли 14 миллионга яқин хизмат кўрсатилган. Мисол учун, доимий яшаш жойи тўғрисидаги маълумотнома бериш хизматидан 17 минг маротаба фойдаланилган.
Бундан ташқари, автотранспорт ойналарининг тусини ўзгартириш рухсатномасини бериш, паспортни ID-картага ўзгартириш, яшаш жойига доимий рўйхатга туриш каби аризаларни юбориш хизматларидан фойдаланиш учун атиги 10 дақиқа вақт сарфланмоқда. Илгари ушбу хизматлардан фойдаланиш учун ички ишлар органи биносига бориш, қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш, навбат кутиш каби оворагарчиликларни бошдан кечиришга тўғри келар эди.
Давлатимиз раҳбарининг янги қарори билан бу борадаги ишлар янада такомиллаштирилади.
Қарорга кўра, ички ишлар органлари фаолиятини 2025-2027 йилларда рақамли трансформация қилишнинг тўртта устувор йўналиши белгиланди.
Барча ахборот тизимлари бугунги кунда жорий этилган маълумотлар базалари, маълумотларни қайта ишлаш марказларини сунъий интеллект технологиялари асосида ягона тизимга бирлаштирган ҳолда жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолият самарадорлиги янада оширилади.
Соҳанинг рақамли фаолиятини бошқарув тизими орқали ишлаш механизмлари мувофиқлаштирилади. Улар таркибида юқори малакали мутахассислардан юқори рақамли жамоа шакллантирилади.
Шунингдек, жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар статистикаси инсон омилисиз юритилади.
Ҳуқуқий статистика ва тезкор ҳисобот маълумотлари билан ишлаш жараёни тўлиқ рақамлаштирилади. Бу эса, ички ишлар органлари ходимларини жиноятчиликка қарши курашиш вақтидаги сарфланадиган вақтларини камайтиришга олиб келади. Тизимда ахборот хавфсизлиги самарадорлигининг замон талабларига мослиги таъминланади.
Бундан ташқари, ички ишлари органлари тизимини рақамлаштириш мақсадида бир қатор асосий вазифалар белгилаб берилди. Масалан, соҳага замонавий юқори технологияларни жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳудудий ички ишлар органлари фаолияти инфратузилмасини шаклантириш борасида 18 та катта устувор лойиҳа белгиланди.
Аҳолига 10 та давлат хизматларини криактив ва композит шаклларида кўрсатиш дастури ишлаб чиқилади. Бунда ички ишлар фаолиятига оид давлат хизматидан фойдаланганда фуқаро бир марта мурожаат қилганида фақат бир хизматдан эмас, балки бошқа турдаги хизматлардан ҳам бемалол фойдаланиши мумкин бўлади.
Ички ишлар органлари ахборот тизимларига интеграция қилинадиган 10 та идоранинг маълумотлари рўйхати шакллантирилади. Бу жараёнда ички ишлар органларига тақдим этиладиган маълумотларни бошқа давлат ташкилотларидан олиб келмасдан, ахборот тизимларидан автоматик равишда олиш имконияти яратилади.
Шунингдек ички ишлар органлари фаолиятига сунъий интеллектни татбиқ этиш ва уни ривожлантириш концепцияси тасдиқланади. Рақамли технологиялар вазирлиги концепциясидан келиб чиққан ҳолда 2025-2027 йилларга мўлжалланган манзилли чора тадбирлар дастури тасдиқланиши кўзда тутилмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА