Шоир хотираси ёд этилди

Адабиёт инсоннинг маънавий, маданий ва интеллектуал ривожланиши учун энг муҳим воситалардан биридир. Унинг кучи шундаки, адабиёт инсон қалбини бойитади, юрагида эзгулик, меҳр-муҳаббат каби туйғуларни муҳрлайди.
Ўзбек адабиётида саҳро булбули деб довруқ таратган, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳаёт бўлганида бугун 96 ёш билан юзлашган бўларди.
Шоирнинг “Бахт лирикаси”, “Кунчиқар йўловчисига”, “Кўнгил кўнгилдан сув ичар”, “Тўмарис”, “Кўнгилдаги кенг дунё” каби қатор шеърий китобларини халқимиз севиб ўқимоқда.
Бугун Адиблар хиёбонида Тошкент кимё-технология институти ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, талабалар жам бўлиб, шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.








Унда Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон сўзга чиқди.
– Биз қорақалпоқлар билан битта заминда яшаб келаётган қондош, жондош халқмиз, – деди Рустам Мусурмон. – Ўзбек ва қорақалпоқ адиблари ўртасида чинакам ижодий ҳамкорлик бор. Икки халқнинг адабиёти муштарак илдизларга эга. Ибройим оға нафақат шоир сифатида, балки яхши инсон сифатида ҳам қалбларимизда сақланиб қолди. Унинг шеъриятига бўлган меҳрим, қизиқишим туфайли кўпгина асарларини ўзбек тилига ўгирдим. Унинг шеърияти халқпарварлик, ватанпарварлик туйғулари билан суғорилганки, унинг сеҳри ҳар қандай ўқувчини ўзига жалб этади.
Тадбирда университет талабалари Ибройим Юсупов ижодидан намуналар ўқишиб, мусиқий чиқишларини намойиш этишди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати