Шамол электр станцияларини қуриш масалалари муҳокама қилинди

400

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жон Заиди бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Унда республикамиздаги Устюрт текислигида қурилиши бошланиши арафасида турган шамол электр станцияси лойиҳасини амалга ошириш, бу борада компания ишларини олиб боришни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг топшириғи билан Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси томонидан республикамизда амалга оширилаётган «Шамол электр станциясини ташкил этиш» лойиҳасининг Қораўзак тумани «Қўйбоқ» ОФЙ ҳудудида қурилаётган «Нукус-1» лойиҳасининг бир қатор ишлари якунлангани бўйича аввал хабар берилган эди.

«Нукус-1» лойиҳаси тўлиқ ишга тушиши натижасида ҳар йили 350 млн. киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига имконият яратилади, ўртача 100 млн. куб табиий газ тежалади, ҳавога 180 минг тонна карбонат ангидрид гази чиқиндиларининг тарқалиши камаяди.

Бундан ташқари, Қораўзак тумани «Қўйбоқ» ОФЙ ҳудудида яна бир «Нукус-2» лойиҳаси ҳам амалга оширилиб, 26 шамол турбина генераторлари қурилади.

Президент қарори билан «ACWA Power Company» (Саудия Арабистони) компанияси томонидан Қўнғирот туманида ҳам шамол электр станцияси ва электр узатиш тармоғи қурилиши белгиланиб, лойиҳа доирасида «ACWA Power KRPK Wind» МЧЖга асос солинган эди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги