Гуанчжоуда Ўзбекистон чарм саноатига бўлган қизиқиш ортмоқда

249

Айни кунларда Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида “China Import and Export Fair” 137-халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу галги тадбирда “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Акбар Султонов бошчилигидаги делегация мамлакатимиз номидан фаол иштирок этмоқда.

Унда дунёнинг юзлаб давлатларидан минглаб компаниялар иштирок этмоқда. Аҳамиятлиси, Ўзбекистон делегацияси ўз миллий маҳсулотлари, яъни чарм, пойабзал ва аксессуарлар билан кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф давомида делегация қатор нуфузли Хитой компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказди. Улар орасида тери саноатида етакчи ҳисобланувчи “Qifeng Leather” компанияси хомашё етказиб бериш ва янги материаллар бўйича ҳамкорлик таклифини илгари сурди. Шунингдек, “MUDIYA” ва “Jinjiang Mudiao Shoes” каби компаниялар билан Ўзбекистонда қўшма корхоналар ташкил этиш, замонавий дизайн ва ўқув лабораторияларини йўлга қўйиш бўйича лойиҳалар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, “Trimax International” компанияси вакиллари билан логистика, экспорт инфратузилмаси ва рақамлаштирилган божхона тизимлари юзасидан фикр алмашилди. Хитой ишлаб чиқарувчилари томонидан “Made in Uzbekistan” брендини халқаро бозорга олиб чиқиш, ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш борасида ҳам таклифлар берилди.

“Ўзчармсаноат” делегацияси томонидан Ўзбекистондаги кластерлар, махсус саноат зоналари, инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ва чарм-пойабзал саноати салоҳияти ҳақида тақдимотлар ўтказилди.

Таъкидлаш керакки, мазкур кўргазма технологик ютуқлар, савдо тенденциялари ва саноат ҳамкорлигининг истиқболлари юзасидан мулоқот платформаси сифатида ҳам аҳамиятлидир.

Уюшма ахборот хизматига кўра, “Canton Fair” (China Import and Export Fair)  Хитойдаги энг йирик халқаро кўргазмалардан бири бўлиб, у илк бор 1957 йили Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган. Ҳар йили баҳор ва куз мавсумларида икки марта ташкил этиладиган бу нуфузли тадбир Хитой ташқи савдосининг “ойнаси” ҳисобланади. Кўргазма Хитой Савдо вазирлиги ҳамда Гуандун вилояти ҳукумати ташаббуси билан ташкил этилади.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА