Мутахассислар ва фермерлар ўзаро маслаҳатлашди

Амударё туманининг Оқ олтин овул фуқаролар йиғинида жойлашган «Якупова Гавҳар» фермер хўжалигида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси А.Жуманазаров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев, Ўзагроинспексиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи А.Юсупов, туман ҳокими С.Хожаметов ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Семинарда ғўза қатор ораларига ишлов бериш, чуқур юмшатиш, озиқлантириш ва суспензия сепиш ишларини самарали ташкил этиш бўйича фикр алмашилди. Тажрибали мутахассислар томонидан берилган маслаҳатлар фермерларга ўз хўжаликларида ҳосилдорликни ошириш, сифатли ҳосил олиш ва ўсимликларни касалликлардан ҳимоя қилишда катта ёрдам беради.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган дастурлар ва имкониятлар ҳақида маълумот берилди.


– Туманимиз бўйича жорий йилда 16 минг гектар ерга чигит экилиб, ундан бир текис кўчат олинди, – дейди Амударё тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғининг ўринбосари Қудрат Абдухолиқов. Шунингдек, ҳозирги вақтда ғўзаларни ягоналаш, бегона ўтлардан тозалаш ва қатор ораларини юмшатиш ишлари олиб борилмоқда. Унда 153 та махсус техника ва агрегатлар иштирок этмоқда.
Семинар давомида фермер хўжаликлари раҳбарлари ўз-аро тажриба алмашиб, ўз хўжаликларида қўлланиладиган турли агротехник усуллар ва технологиялар ҳақида сўзлаб берди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси