Энергетика ҳафталиги иштирокчиларига Тошкент мезбонлик қилади

273

 

Жорий йилнинг 13-15 май кунлари Тошкент шаҳридаги “CAEx Uzbekistan” халқаро кўргазмалар марказида мамлакатнинг энг йирик саноат воқеаларидан бири – “Ўзбекистон энергетика ҳафталиги – UEW 2025” бўлиб ўтади.

Ушбу нуфузли тадбир доирасида қатор йирик халқаро кўргазма ва конференциялар ташкил этилади. Хусусан, “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2025” 27-халқаро кўргазмаси ҳафталикнинг асосий воқеаларидан бири сифатида ўтказилади.

Бу ҳақда “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси лойиҳа директори Лола Зиёвуддинова ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

– Маълумки, нефть ва газ соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири саналади. Давлатимиз раҳбари ушбу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани натижасида соҳани тубдан модернизация қилиш, янги конларни қидириш ва мавжуд захираларни ўзлаштириш ишлари жадал амалга оширилмоқда. Бу жараёнда экологик барқарорлик ва ишлаб чиқариш хавфсизлиги масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилаётир.

Бу каби ишларда “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2025” 27-халқаро кўргазмаси муҳим роль ўйнайди. Маълумки, 1997 йилдан буён ўтказиб келинаётган OGU кўргазмаси нафақат замонавий ускуна ва технологияларни намойиш этиш, балки соҳадаги етакчи ишлаб чиқарувчилар, тоғ-кон саноати корхоналари, давлат органлари ва ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида самарали мулоқот учун муҳим платформа вазифасини ўтаб келмоқда.

Анъанага кўра, кўргазма доирасида нуфузли маҳаллий ва хорижий экспертлар, соҳадаги етакчилар иштирокида Халқаро нефть ва газ конференцияси ҳам ўтказилади.

Шунингдек,  ҳафталик доирасида “Power Uzbekistan 2025” – энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси ва альтернатив энергия манбаларига бағишланган 18-халқаро кўргазма, “GETCA 2025” – яшил ва энергия тежовчи технологияларга ихтисослаштирилган махсус кўргазма бўлими, 5-халқаро энергетика конференцияси ўтказилади.

Айни пайтда 420 та компания ва бренд, 90 нафар маърузачи ҳамда 1 420 нафар делегат ушбу тадбирда иштирок этишини расман тасдиқлаган. Бу эса Ўзбекистон энергетика ҳафталиги нафақат минтақавий, балки жаҳон миқёсидаги муҳим саноат воқеаси сифатида қаралаётганидан далолат беради.

Эътиборлиси, иштирокчилар географияси ҳам жуда кенг, яъни бу гал 32 мамлакатдан вакиллар иштирок этиши кутилмоқда. Жумладан, Австрия, Озарбайжон, Беларусь, Буюк Британия, Германия, Грузия, Дания, Ҳиндистон, Эрон, Италия, Қозоғистон, Хитой, Корея Республикаси, Ўзбекистон, Қирғизистон, Литва, Малайзия, Монако, Нидерландия, БАА, Польша, Россия, Руминия, Саудия Арабистони, Сингапур, Словакия, АҚШ, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Франция, Япония  каби давлатлар шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоиз, иштирокчиларнинг 90 фоиздан ортиғини хорижий компаниялар ташкил этаётгани тадбирнинг халқаро нуфузини янада ошириб, Ўзбекистон энергетика салоҳиятига бўлган ишонч ва қизиқиш ортганини яққол намоён этмоқда.

Хулоса шуки, Ўзбекистон энергетика ҳафталиги нафақат соҳадаги илғор технология ва инновацияларни тақдим этиш, балки халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва соҳавий мулоқотни ривожлантириш учун ҳам муҳим платформага айланади.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.