Сингапурда парламент сайлови бўлиб ўтди

Сингапурда умумий рўйхатга олинган 2,5 миллионга яқин фуқаро қонун чиқарувчи орган таркибини шакллантиришда иштирок этди.
Маҳаллий вақт билан соат 08:00 да бошланган овоз бериш жараёни 20:00 да якунланади. Миллий сайлов идораси маълумотига кўра, кундузи 48 фоизга яқин сайловчи ёки бутун мамлакат бўйлаб 1240 сайлов участкасида 1,2 миллионга яқин киши овоз берди.
11 нафар сиёсий партиялар вакиллари ва икки мустақил номзод иштирок этаётган тадбирда бир палатали парламентдаги 97 ўриннинг 92 тасига ноиб сайланади.
«The Straits Times» газетаси ёзишича, ҳукуматни бошқараётган Бош вазир Лоренс Вонг етакчилигидаги Халқ ҳаракати партияси (ХҲП) асосий фаворит бўлиб қолмоқда. 66 йилдан буён ҳокимият тепасида турган ушбу партия ҳар бир сайлов округида ўз номзодини илгари сурган. Асосий мухолиф куч – Ишчилар партияси (ИП) 8 сайлов округида вакиллик қилиб, 26 ўрин учун курашмоқда.
Бир палатали парламент тизимига эга шаҳар-давлат – Сингапурда сайлов ҳар беш йилда ўтказилади. 2020 йил COVID-19 пандемияси шароитида тарихий муваффақиятга эришган мухолиф ИП обрўси нисбатан ошганига қарамай, асосий тахминлар ҳукмрон ХҲПнинг навбатдаги ғалабасига ишора қилмоқда.