Халқаро стандартлар ва илғор тажрибалар жорий этилмоқда

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Кенгашининг «Экология ва саломатлик» аёллар клуби ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида «Гендер тенглиги ва аёлларнинг сайловдаги ўрни» мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Семинарда институт ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари, профессор-ўқитувчилар, «Экология ва саломатлик» аёллар клуби Кенгаши аъзолари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимли чора-тадбирларнинг, жумладан, гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги муаммоларни илмий жиҳатдан ўрганиш ва уларга ечим сифатида илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш, аҳоли ўртасида гендер қадриятларни тарғиб қилиш, ушбу масалалар бўйича билимларини ошириш асосий мақсад этиб белгиланган.
Ўзбекистонда гендер тенглик ва хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки тобора ортиб бормоқда. Албатта, бу ҳолат сайлов жараёнларида ҳам кузатилмоқда. 2024 йилда ўтказилган сайловлар натижасида аёлларнинг улуши Сенатда қарийб 27 фоизга, Қонунчилик палатасида 38 фоизга, маҳаллий Кенгашларда 32,5 фоизга етди.
Ўқув-семинар давомида берилган билим иштирокчиларнинг гендер тенглиги ҳамда ушбу соҳадаги халқаро стандартлар ва илғор тажрибалар ҳақидаги тушунчаларини оширади. Таъкидлаш жоизки, бундай ўқув-семинарлар келгусида хотин-қизларнинг нафақат сайлов жараёнида, балки сиёсатда ҳам бевосита иштирокини рағбатлантириш бўйича кейинги қадамларни белгилашга ёрдам беради.
Шунингдек, «Экология ва саломатлик» аёллар клуби аъзолари томонидан тадбирда бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш, опа-сингилларимизнинг ҳуқуқий билими ва саводхонлигини ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Мавзу доирасидаги билим ва тушунчаларини бойитишга хизмат қилган семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги