Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

417

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Бўзатов туманидаги маҳаллаларда фуқаролар ҳаётини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ушбу туманга борди.

Республикамиз раҳбари дастлаб Бўзатов туманидаги ўрмон хўжалигида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган ишлар билан танишди, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш ва яшил белбоғларни барпо этишда кўчатхоналарнинг ўрни муҳимлигини таъкидлаб, кўчат тайёрлаш ишларини кенгайтириш бўйича соҳа раҳбарларига топшириқлар берди.

Шундан сўнг Жўқорғи Кенгес Раиси Қусханатов посёлкасида 1 контур 1 маҳсулот дастури доирасида оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида ташкил этилган кооперация томонидан йўлга қўйилган картошка ва мош маҳсулотларини етиштириш ишлари билан танишди.



Сўнгра ўзларининг ҳовли олди томорқа ерларидан самарали фойдаланиб, ундан мўл ҳосил олаётган Бўзатов посёлкасида яшовчи Қалмамбет Жангелдиев, Сағиндиқ Баймуратов ва Жугинис Жуманазаровнинг ер майдонлари ва иссиқхоналари кўздан кечирилиб, уларнинг ишлари кўпчиликка намуна бўлиши кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, ушбу ҳудуддаги Эркиндарё каналидаги яроқсиз ҳолатга келиб қолган пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган кўприк бўйича муаммони бартараф этиш ва фуқаролар учун хавфсиз кўприк қуриб бериш, «Зарбдор» тажрибаси асосида канал бўйи хизматини ташкил этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, Жўқорғи Кенгес Раиси туман марказида жойлашган Спорт мактабида яратилган шароитлар билан танишиб, спортчи ёшлар билан ҳам учрашди ва улар билан яқиндан мулоқот қилди.

Хизмат сафари давомида республикамиз раҳбари Бўзатов посёлкасида янги қурилаётган 5 қаватли турар жой қурилиши, бўш турган бинода янгидан иш бошлаган ёш тадбиркорлар томонидан ишга туширилган мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Бозор ҳудудида аҳолига ва сотувчиларга қулай шароит яратиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Бўзатов туманида республика муассаса-ташкилотлари, туман фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Унда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги берилган топшириқлар бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижроси масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, туманни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича махсус дастур асосида қатор вазифалар белгилаб берилган бўлиб, муаммоларни ҳал этиш мақсадида ҳурматли Президентимизнинг махсус қарорлари асосида барча имкониятлар яратиб берилган, молиявий манбалар ҳам ҳал қилиб берилган. Лекин, айрим жойларда мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаяпти.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керак, мажлисда Бўзатов тумани ва шимолий туманларни бевосита Қўнғирот тумани билан боғловчи понтон кўприк қуриш масаласини ўрганиб чиқиш, туман ҳудудида автомобильларга газ тўлдириш компрессор шохобчасини тез фурсатда ишга тушириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.



Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги