Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар амалда

Барчамизга маълум Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 5 март куни «Коррупциянинг олдини олиш бўйича ишларнинг самарадорлиги ва амалдаги устувор вазифалар»га бағишланган Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг кенгайтирилган мажлисида иштирок этди.
Йиғилишнинг кенг кўламда, талабчанлик билан ҳар бир масалага очиқ-ойдинлик киритилиб, ечимлари кўрсатилиб, аниқ вазифалар белгиланиши барчамизда адолатга қарши шафқатсиз курашиш бўйича масъулият ҳиссини янада кучайтирди. Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, «Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупциядир.»
Йиғилишда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан давлатимиз раҳбари 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусни илгари сурди ва улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилиши белгиланди.
Асосий вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизимни жорий этиб, бу масалага жамоатчилик, парламент ва фуқаролик жамияти институтларини кенг сафарбар қилиш мақсадида 2025 йилнинг 21 апрель куни Президентимизнинг «Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган асосий вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-71-сонли Фармони ҳамда «Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг мустақиллигини таъминлаш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПК-147-сонли Қарори қабул қилинди.
Фармон билан белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати (1-иловага мувофиқ) ва амалий чора-тадбирлар дастури (2-иловага мувофиқ) тасдиқланди. 1-иловага мувофиқ кенгайтирилган йиғилишда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича 21 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланди.
Дастлаб қонун лойиҳалари ҳақида сўз юритамиз.
- Ҳурматли Президентимиз Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида яна бир муҳим барча кутган масала – давлат хизматчиларининг даромади ва мол-мулкини декларациялашга оид қонунни қабул қилиш вақти-соати келганлигини таъкидлаган эди. Жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликни ҳам халқаро стандартларга мослаштириш зарурлигини айтди. Жорий йил май ойига «Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Лойиҳада декларация субъектлари, объектлари ва унда акс эттириладиган маълумотлар, декларацияни тақдим этиш шакли ва тартиби, уни текшириш тартиби белгиланади.
Қонунда давлат корхоналари ва ташкилотлари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ҳамда вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизимини жорий этиш белгиланмоқда. Декларация беришни рад этиш ёки ёлғон маълумот бериш, уни ишдан четлаштириш ва жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Давлат хизматчиси декларация қилган даромадига мос келмайдиган мол-мулкни қаердан олганини исботлаши керак бўлади. Ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик белгиланади.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2021 йил 6 июлда қабул қилинган ПК-5177-сонли Қарорига мувофиқ, даромад ва мол-мулк декларациялари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш ва текширишнинг электрон ахборот тизимини яратиш, уни солиқ, божхона, давлат кадастри ва бошқа тегишли идоралар маълумотлар базалари билан интеграция қилиш чоралари белгиланган.
- Жорий йил май ойига «Жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликни халқаро стандартларга мослаштириш» бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Ушбу Қонунда жиноий даромадларни легаллаштириш жинояти учун белгиланган жазо чораларини жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ қайта тақсимлаш; инсайдерлик (махфий маълумотлар) ахборотидан фойдаланиш ёки қимматли қоғозлар бозорида фирибгарлик қилиш билан боғлиқ ҳолатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш; экстремизмни молиялаштирганлик учун жиноий жавобгарлик киритиш масалалари назарда тутилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 243-моддасида «Жиноий фаолиятдан олинген дарамадларни ошкор қилиш (легаллаштириш)» жинояти учун ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1793-моддасида «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш ҳақидаги қонунчиликни бузиш» қилмиши учун жабовгарлик кўрсатилган. Йўқоридаги қонун билан шу ва бошқа моддаларга ҳам ўзгартишлар киритилади.
Давлат раҳбари кенгайтирилган йиғилишда «Коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ва уларни «ҳалоллик вакцинаси» билан эмлашдан бошланади,» деди. Ишга қабул қилишни очиқ-ошкора ўтказиш, давлат хизматчилари реестрини белгилаш, кадрларнинг коррупцияга мойиллигини ўрганиш бўйича фармон лойиҳасини киритиш топширилди.
- Муҳтарам Президентимиз кенгайтирилган мажлисда одил судловни амалга оширишда адвокатларнинг ўрни жуда муҳим, бу борада адвокатларга ҳимоясидаги фуқарога ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсата олиши учун имконият яратиш кераклигини таъкидлаб, тегишли қонун лойиҳасини киритишни топширди.
Жорий йилнинг июнь ойига «Фуқароларга сифатли юридик ёрдам кўрсатилишида адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга» қаратилган қонун лойиҳасини тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Лойиҳада адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга қаратилган механизмлар ишлаб чиқилади. Қонунни ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 142-моддасида белгиланган «Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва махфий учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шароитлар таъминланади. Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ҳамда қонун билан ҳимоя қилинади» деген нормалар бевосита амалга оширилади. Шунингдек, бунда халқаро меъёрлар ҳамда хорижий тажриба кенг қўлланилади.
- Мажлисда муҳтарам Президентимиз томонидан ҳозирги вақтда қонунчиликда Коррупциявий жиноятларнинг аниқ рўйхати мавжуд эмаслигига эътибор қаратилди. Парламент тасдиқлаган қонунда асосан жазони кучайтиришнинг ўзи билан чекланиб қолингани, коррупциянинг олдини олиш, одамларимизни унга муросасизлик руҳида тарбиялаш, профилактика механизмларини яратиш, жиноятни очишга кўмаклашганларни рағбатлантириш каби масалалар акс эттирилмагани кўрсатиб ўтилди. Шунинг учун Президент бу қонунни қайта ишлаш учун қайтаришини айтди.
Жорий йилнинг июнь ойига «Коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхати ва бу борада жазо чораларини кучайтириш»ни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун қайта кўриб чиқилиб, унда:
коррупция жиноятларининг аниқ рўйхати ва бу борада жазо чораларини кучайтириш;
коррупциянинг олдини олиш, аҳолини, айниқса, ёшларни унга муросасизлик руҳида тарбиялаш, профилактика механизмларини яратиш;
коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тартиби назарда тутилади.
Шуни таъкидлаш керакки, коррупция бу шахснинг ўз лавозими ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатлари ёки бошқа шахсларнинг манфаатлари йўлида моддий ёки номоддий фойда олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши. Агар Коррупциявий жиноятларнинг мазмуни ва белгиларини очадиган бўлсак, биринчидан, бу жиноятларнинг субъекти, яъни жиноят содир этган шахс мансабдор шахс бўлиши керак.
Иккинчидан, айбдор шахсда моддий манфаат кўриш мотиви ва фойда олиш мақсади (пул, буюм, хизмат) бўлади. Масалан, пора олиш, бериш ва турли шаклларда мол-мулкни ўзлаштириш, талон-торож қилиш.ЖК 192-9-моддаси тижоратда пора олиш; ЖК 210-м. – пора олиш, 211-м. – пора бериш, 167-м. 3-қисми «д» банди – мансабдан фойдаланиб талон-торож қилиш ва ҳ.к. Коррупциявий ҳолатлар нафақат иқтисодий жиноятларда, балки халқ хўжалигининг барча соҳаларида бўлиши мумкин. Масалан ЖК 202-м. (ҳайвонот ёки ўсимликлар дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш), ЖК 2444-м. (учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш) ЖК 250-1-м. (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи), ЖК 252-м. (Радиоактив материалларни қонунга хилоф равишда эгаллаш), ЖК 271-м. (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш ва ҳ.к.).
Ушбу жиноятлар моддий манфаат кўриш мақсадида мансаб мавқеидан фойдаланиб содир этилган ҳолларда ушбу моддаларнинг 2 ёки 3-қисми билан жавобгарликка тортилади. Коррупциявий аломатларга эга жиноятларнинг кўплиги сабабли уларнинг аниқ рўйхатини ишлаб чиқиш халқаро тажрибани ўрганган ҳолда катта изланишни талаб этади. учинчидан, Коррупциявий жиноятларда номоддий манфаат кўриш, бу – шахснинг мансабидан фойдаланиб қонун-қоидаларни бузиб, бошқа шахсларнинг қонуний манфаатларига зарар етказган ҳолда, фақат яқин кишиларига ёрдам бериш (неопотизим – қариндошларга ёрдам бериш, кронизм – яқин дўстларига ёрдам бериш, трайбализм – уруғдошлари, қишлоқдошларига ёрдам бериш, фаворитизм – ўзи яхши кўрган кишиларга ёрдам бериш, протекционизм – юқори инстанциядан ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш). Масалан, ишга ёки юқори лавозимга фақат яқин кишиларини олиш, аммо муносиб, билимли, тажрибали кишиларни инобатга олмаслик, мукофот бериш, санаторийга юбориш, имтиёзли нархда уй-жой олиш, мукофот ва унвонларга тавсия этиш ва ҳ.к. (ЖК 205, 206-моддалари). Бундай муассаса ва ташкилотларда манфаатлар тўқнашуви кенг ўрин олган бўлади. Коррупция ботқоғига ботган муассаса ва ташкилотларда ривожланиш бўлмайди (керакли мутахассислар етишмаслиги, қонунлар бузилишига шароит яратилади), ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари поймол бўлади.
Коррупциявий жиноятларнинг аниқ рўйхати ишлаб чиқилаётганда Коррупциявий аломатларга эга ҳар бир жиноят эътиборда бўлиши лозим. Чунки бу рўйхатга киритилган жиноятларга жазо кучайтирилади, жазодан муддатидан илгари озод қилинишига йўл қўйилмайди, жавобгарликнинг муқаррар принципи таъминланади. Шу билан бирга, Агентлик томонидан «Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри» юритилади.
Реестрга киритилган шахсларга: давлат хизматига қабул қилиниши ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши; сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодлар кўрсатилиши; давлат муассасаларида раҳбарлик лавозимларида ишлаши; давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиши тақиқланади, шунингдек, бошқа чекловлар кўрсатилади.
- Йиғилишда ҳурматли Президентимиз томонидан Солиқ идоралари ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилгани билан тушумлар кескин ошмагани таъкидланди. Масалан, минглаб корхоналар ҳисоботларида бирорта ҳам ходим йўқ деб кўрсатган бўлса, яна минглаб корхоналар 2 ёки 1 нафар ходимни кўрсатмоқда. Бу солиқ идоралари яширин иқтисодиёт билан суст ишлаётганидан далолат экани кўрсатиб ўтилди.
Инсофли тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи 7 кун ичида қайтариб берилиши белгиланган. Лекин, солиқ раҳбарлари тадбиркорларнинг 487 миллиард сўмлик 2,5 мингга яқин мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқмаган.
Жорий йил июнь ойига «Маҳалла ва корхона кесимида ишлаш тизимида яширин иқтисодиётнинг олдини олиш борасида солиқ назорати чораларини такомиллаштириш» бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бунда, солиқ органлари томонидан корхона ёки тадбиркорлик субъектларида солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриш; солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда тадбиркорлик субъектларини дастлабки огоҳлантириш; ҳуқуқбузарлик уч кун муддатда бартараф этилмаса ёки такроран аниқланса, шундан кейин солиқ текширувини ўтказиш тартибини жорий этиш назарда тутилади.
Фармон билан белгиланган топшириқларнинг ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатида қўйидаги фармон, қарор, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва ҳужжатлар, масалалар ўрин олди. Булар:
– «Давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, давлат фуқаролик хизматчиларининг реестрини белгилаш, кадрларнинг коррупцияга мойиллик даражасини ўрганиш» бўйича фармон лойиҳаси.
– «Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси.
– «Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тизими («комплаенс-назорат») самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси.
– «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига аъзо давлатлар конференциясини 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказиш бўйича дастурни тасдиқлаш» бўйича Ҳукумат ҳужжати лойиҳаси.
– «Йирик инвестиция лойиҳаларида коррупцияга қарши халқаро стандартларни жорий этиш ва йирик аукцион шартларини рақобатбардошлик экспертизасидан ўтказиш» бўйича қарор лойиҳаси.
– «Тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит ажратиш фаолиятида Коррупциявий омилларни бартараф этиш» бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси.
– «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш» бўйича Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарори лойиҳаси ҳамда бошқа муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Сўзининг якунида ҳурматли Президентимиз Миллий кенгашнинг кенгайтирилган мажлисида айтиб ўтганидек, «Коррупцияга қарши курашишда ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, янада катта ижобий натижага эришамиз».
Ботир Матмуратов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Коррупцияга қарши ички назорат бўлимининг бошлиғи.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги