Сув тежовчи технологиялар қандай самара бермоқда?

360

Беруний туманидаги «Ниятулла Азизбек» фермер хўжалиги даласида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Юсупов иштирок этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар сув тежовчи технологиялардан фойдаланишнинг ҳаётий зарурати, бу борада белгиланган вазифалар ва сув тежовчи технологиянинг самарадорлигига тўхталиб ўтди.

Жумладан, эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш ишларини ташкил этишда эришиладиган натижалар ҳақида амалий машғулот ўтказилиб, тегишли маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз бўйлаб бугунги кунда сув тежовчи технологиялар қамраб олган майдон жами суғориладиган майдоннинг қарийб 25 фоизини ташкил этиб, бунинг ҳисобига ўтган 2024 йилда 3 миллиард куб метр сув тежалишига эришилган. Ушбу тадбир натижасида сарфланган сув миқдорлари 830 минг гектар такрорий экин майдонларини суғоришга йўналтирилди.

Шунингдек, тадбирда Б.Юсупов жорий йилда мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича белгилаб олинган устувор йўналишларга ҳам тўхталиб, мавжуд сув ресурсларини сувдан фойдаланувчилар ўртасида қатъий тақсимланган ҳолда фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этган ташаббускорларга давлат томонидан ажратиладиган субсидиялар, ирригация тизимларида сув йўқотишларини камайтириш ишларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Семинарда Беруний тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори Ж.Эшоновнинг туманда сув тежовчи технологияни жорий этиш ишлари бўйича ахбороти тингланди.

– Маълумот берилишича, бугунги кунда Беруний туманида 16 нафар ташубускорнинг 231 гектар майдонида ёмғирлатиб суғориш, 33 нафар талабгорнинг 507 гектар майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича шартномалар расмийлаштирилиб, қурилиш ишлари бошлангани айтилиб, бу ишларни изчил давом эттириш чоралари кўрилаётгани таъкидланди, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ғ.Атажанов.

Семинарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишларини жадаллаштириш топширилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва қурилиш пудратчи корхоналарининг вакилларига далаларга ўрнатилаётган сув тежовчи технологияларни лойиҳа талаблари асосида сифатли ва ўз муддатларида ўрнатиш, шунингдек, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ишларини алоҳида назоратга олиши айтилиб, бажариладиган вазифалар белгилаб олинди.




Шунингдек, фермер ва қурилиш ташкилотлари вакиллари сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига мутасаддилардан жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги