Ғолиб қизимиз муносиб кутиб олинди

281

Сўнгги йилларда юртимизда ёшларнинг замон талабига мос билим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун барча қулай шароитлар яратиб берилмоқда. Ўзларига яратилган шундай қулайликлардан самарали фойдаланиб келаётган ёшларимиз турли мусобақа, танлов ва олимпиадаларда юксак ютуқларга эришиб, халқимизни хурсанд қилиб келмоқда.

Шундай ёшларимиздан бири Нукус шаҳар 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси Малика Хўжамуратова ҳисобланади. Хусусан, у шу йилнинг 11-17 апрель кунлари Косово Республикасида ўтказилган ЭГМО – 2025 – Европа қизлар математика олимпиадасида бронза медалини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

– Олимпиадада 55 та давлатдан 300 нафарга яқин ўқувчи қизлар иштирок этиб, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 3 та медални қўлга киритишга муваффақ бўлди, – дейди Малика Хўжамуратова. Келгусида бундан ҳам яхши натижаларни қўлга киритишга ҳаракат қиламан.

Нукус халқаро аэропортида халқаро олимпиадада юқори натижа кўрсатган Нукус шаҳри 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси Малика Хўжамуратова тантанали равишда кутиб олинди.



Тадбирда иштирок этганлар Маликани халқимиз номидан самимий табриклади ва келгуси мусобақаларида янада юқори натижаларга эришишида тилакдошлик билдирди.

-Косоводаги Олимпиададан сўнг Тошкент шаҳрида ICT4Girls олимпиадасининг Республика босқичи бўлиб ўтган эди. Натижаларга кўра, олимпиадада 12 нафар қиз ғолиб деб топилди, – дейди Нукус шаҳар 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Марат Ибраимов – Ғолиблар учун ташкил этилган интенсив тренинглар якунида танлов ўтказилиб, 4 нафар қиз, улар қаторида Малика Хўжамуратова 2025 йил 14-20 июль кунлари Германиянинг Бонн шаҳрида бўлиб ўтадиган European Girls’ Olympiad in Informatics (ЭГОИ) – Информатика бўйича Европа қизлар олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этиш учун йўлланмага эга бўлди. Бу олимпиадада ҳам ўқувчимиз ғолибликни қўлга киритади, деб унга ишонч билдирамиз ва муваффақиятлар тилаймиз.

Адилбай Оразов,

 Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси