Халқаро энергетика ҳамкорлари маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳияти билан танишди

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизматига кўра, Саудия Арабистонининг “ACWA Power” ва Ҳиндистоннинг “L&T Construction” компаниялари вакиллари мамлакатимиздаги электротехника корхоналарида бўлди.
Унда “ACWA Power” компаниясининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Жон Заиди, “L&T Construction” компаниясининг МДҲ давлатлари бўйича раҳбари Раджан Банcал ва Энергетика вазирлиги масъуллари “Enter Steel” ва “Технопарк” корхоналари фаолияти, улардаги технологик жараёнлар, маҳсулот сифатини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Музокаралар чоғида қурилаётган қуёш электр станциялари учун зарур бўлган металл устунлар, металл конструкциялар ҳамда бошқа электротехника буюмларини маҳаллий корхоналардан харид қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Жон Заиди қайд этганидек, Ўзбекистондаги электротехника саноати сўнгги йилларда жадал ривожланмоқда.
– Биз маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш ва уларни ўз лойиҳаларимизга жалб этиш имкониятларини ўрганяпмиз, – деди у.
Мулоқот чоғида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Мансур Миртожиев ушбу танишув томонлар ўртасидаги ҳамкорликка кенг йўл очишини қайд этди.

–Халқаро инвестор ва пудратчиларнинг корхоналаримизга қизиқиши маҳаллий ишлаб чиқаришнинг салоҳиятига берилган катта ишончдир. Бу ҳамкорлик нафақат экспорт имкониятларини кенгайтиради, балки янги технологияларни жалб қилиш ва маҳаллий иш ўринларини яратишга ҳам шароит яратади, –деди у.
Аҳамиятлиси, мазкур ташриф Ўзбекистоннинг “яшил” энергетика соҳасида халқаро ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги яна бир амалий қадамдир.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА