Чемпионлар талаба-ёшлар билан учрашди

296

Сўнгги йилларда мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантириш, ёшларнинг спорт билан шуғулланишига кенг имкониятлар яратиб бериш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида мамлакатимиз спортчилари халқаро мусобақалар ва Олимпия ўйинларида ғолибликни қўлга киритиб, байроғимизни кўкларда ҳилпиратмоқда.

Шундай спортчиларимиз қаторида юнон-рум кураши бўйича 2 карра Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари, Ислом бирдамлик ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионатининг бронза ва кумуш медали соҳиби, Олимпия ўйинлари иштирокчиси Жалғасбай Бердимуратов ва қиличбозлик спорти бўйича жаҳон кубогининг бронза медали соҳиби, Осиё кубоги ғолиби, Олимпия ўйинлари иштирокчиси Шерзат Мамутовларни кўрсатиб ўтиш ўринли.

Бутун дунёга машҳур халқимизнинг шундай севимли спортчиларини кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш ва талаба-ёшлар орасида спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Нукус филиалида учрашув кечаси ташкил этилди.

Кечани филиал директорининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Ҳамза Абдижалиев кириш сўзи билан очиб, Президентимиз раҳбарлигида ёшларга яратилаётган қулай шароитлар ва юртимиз спортчиларининг халқаро мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди. Учрашувда машҳур полвонимиз Жалғасбай Бердимуратовнинг устози Руслан Эрназаров, Жалғасбай Бердимуратов ва Шерзат Мамутовлар юртимизда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинаётган ишларни фахр билан тилга олиб, ўзларининг қўлга киритган натижалари шундай ғамхўрлик туфайли эканлигига тўхталди.

Шу билан бирга, устозлари ўргатган усулларни чарчамасдан ўрганса жаҳон ареналарида юқори ўринларни эгаллаш мумкинлигини ўз ҳаётлари мисолида айтиб беришди ва талаба-ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга чақиришди.



Тадбирда талабалар томонидан кеча меҳмонларига бир қатор саволлар берилиб, уларга жавоблар олинди.

Тадбир якунида чемпион спортчилар ва уларнинг устозларига филиал маъмурияти томонидан тайёрланган эсдалик совғалари топширилди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси