Толимаржон ИЭСда буғ-газ қурилмалари қурилиши якуний паллада

282

“Толимаржон ИЭС” АЖ ташаббуси билан ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс-тур жараёнида бу ҳақда батафсил маълумот берилди ва қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишилди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур акциядорлик жамиятида инвестиция лойиҳаси асосида Испаниянинг “Intecsa Ingeniera Industrial” S.A. ва Япониянинг “Mitsubishi Corporation” хорижий компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган 1065 МВт қувватга эга навбатдаги 3- ва 4-буғ-газ қурилмаларининг қурилиш жараёнлари олиб борилмоқда.

Мазкур йирик инвестиция лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 декабрдаги “Толимаржон ИЭС” АЖда умумий қуввати 900 мегаваттдан кам бўлмаган навбатдаги 2 та буғ-газ қурилмаларини қуриш билан кенгайтириш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати қарийб бир миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Ушбу лойиҳанинг молиявий манбаи сифатида дунёнинг энг етакчи молия компаниялари Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит маблағлари томонидан молиялаштирилмоқда. Бош пудратчи сифатида “Intecsa Ingeniera Industrial” S.A. ва “Mitsubishi Corporation” компаниялари қатори қурилиш ишларида Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси ҳам жалб этилган.

Аҳамиятлиси, ушбу буғ-газ қурилмалари ишга туширилгач, корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати сезиларли даражада ошади ва мамлакатда электр таъминоти янада барқарорлашади. Натижада станция томонидан йилига қўшимча 8 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва юқори тежамкор технологияларни қўллаш ҳисобига йилига 600 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади.

Инвестиция лойиҳаси жорий йилнинг охирига қадар тўла қувватларда мамлакатимиз энерготизимига электр энергиясини узатишни бошлаши режалаштирилган. Буғ-газ қурилмалари ишга туширилгач, корхонада қўшимча 120 тага яқин ишчи ўрни яратилади ва мазкур буғ-газ қурилмалари ҳисобига электр станциясининг умумий замонавий қувватлари 1965 МВт га етказилади.

Ҳозирги вақтда корхонада янгидан бунёд этилаётган 3-ва 4-буғ-газ қурилмаларининг буғ ҳамда газ турбиналари генераторлари ва парраклари ўрнатилган бўлиб, улар Япония, Корея, Хитой, Италия каби етакчи мамлакатларнинг компаниялари томонидан етказиб берилган.

Маълумот ўрнида, айни пайтда станцияда умумий қуввати 900 мегаватт бўлган 1-ва 2-буғ-газ қурилмаси барқарор ишлаб келмоқда. Мазкур қурилмалар 2016-2017 йиллар ишга туширилган бўлиб, йилига 7,2 миллиард кВт соат электр энергияси етказиб беради.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари