Яшил ташаббусларни қўллаб-қувватлашда ёшларнинг фаоллиги алоҳида

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Кенгаши томонидан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида, Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида жорий йил 14 февраль куни бўлиб ўтган ёшлар билан мулоқоти ва мамлакатимизда ёшларга берилган имкониятларни ва учрашувда берилган таклифларни етказиш мақсадида ёшлар иштирокида «очиқ суҳбат» тадбири бўлиб ўтди.
Унда Жўқорғи Кенгес депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, «Экология ва саломатлик» аёллар клуби аъзолари, «Ёш экологлар» қаноти, партия фаоллари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бундан беш йил олдин Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида Ёшлар парламенти ташкил этилгани, унда ёшлар сиёсий етакчилик, демократия мактаби, парламентаризм мактаби қандай бўлишини амалда кўргани, сўнгги сайловда ушбу ёшларимиздан 2 нафари Қонунчилик палатасига, 250 нафари кенгашларга депутат этиб сайлангани ҳақида маълумотлар берди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида бу учрашувдан хурсандлигини таъкидлаб, ёшларни халқимизнинг олтин фонди, деб атаган эди. Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ йигит-қиз кириб келмоқда. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1 миллионга етади.
Ёшлар масаласи парламент ва маҳаллий кенгаш депутатлари фаолиятида ҳам муҳим йўналиш сифатида қаралиши кераклиги таъкидланди.
Ёшларга оид қонун лойиҳаларини Ёшлар парламенти аъзолари билан биргаликда муҳокама қилиш ҳамда ялпи мажлисда лойиҳа бўйича ёшлар вакилларининг фикрини ҳам эшитиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Шунингдек, маҳаллий кенгаш сессияларида ёшлар масалалари бўйича масъул идора раҳбарларининг ахборотини эшитиш, барча маҳаллий кенгашлар ҳузурида ёшлар гуруҳларини ташкил этиш ташаббуслари ҳам илгари сурилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ёшларда табиатга меҳрни ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун «Яшил ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси» ташкил этилади.
Мулоқот давомида бугунги кунда ёшлар ўртасида экологик таълим ва маданиятни ошириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ёшларнинг иштироки ва фаоллигини таъминлаш бўйича бир қатор тушунчалар берилди ва ёшлар ўзларининг фикр-таклифларини билдирди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги