Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

30 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш куни сенаторлар томонидан дастлаб “Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонун аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган. Қонун билан аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий ахборот технологияларини фаол татбиқ этган ҳолда, давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия олиш ёшига тўлган (эркаклар 60 ёш, аёллар 55 ёш) фуқароларга ёшга доир пенсияни уларнинг алоҳида мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартибини белгилашга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мазкур тартиб амалиётга татбиқ этилиши натижасида фуқаролардан пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига ёки Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш талаб этилмайди.
Бундан ташқари, пенсия ёшига етган фуқароларга қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида пенсия тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинганида уларнинг телефон рақамларига пенсия тайинланганлиги ва унинг миқдори тўғрисида смс хабар юборилади.
Қонунда шунингдек, фуқаро пенсия ёшига етиб, аммо меҳнат фаолиятини давом эттириб, кейинроқ ёшга доир пенсия олиш истаги бўлганида, проактив шаклда тайинланган ёшга доир пенсияни рад қилиш тартибини ҳам жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, қонунга асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига барча нафақаларни тайинлаш ва тўлаш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ваколатига ўтказилгани муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, белгиланаётган нормалар фуқароларга пенсия таъминоти бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини оширишга ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилишига хизмат қилади.
Қизғин муҳокамадан сўнг қонуннинг долзарблиги ва зарурлигини эътиборга олиб, у сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳоли ўртасида, айниқса, болалар ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шу жумладан, тамаки маҳсулотлари тарқатилишининг ва истеъмол қилинишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда тамаки маҳсулотларининг янги турларини, хусусан, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан, электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда мамлакатимизга олиб кириш ҳамда муомалага киритиш ҳоллари кўпаймоқда.
Шу муносабат билан тамаки маҳсулотларининг, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларининг, шу жумладан, электрон сигареталарнинг ва улар учун суюқликларнинг муомаласини мамлакатимиз ҳудудида тақиқлаш, уларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, шунингдек, тамакини қиздириш тизимларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш учун жавобгарлик белгилаш зарурати юзага келмоқда.
Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан, электрон сигареталарни ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу қонун нафақат айбдор шахсларни жазолашга қаратилганлиги билан, балки содир этган ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида ўз ихтиёри билан ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган шахсларни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутиши билан ҳам аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
Сенаторлар томонидан қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, миллат генофондини сақлашга ҳамда атроф-муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ва сув ресурсларини муҳофаза қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирги вақтда бўш турган ерларни ҳисобга олиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш механизмларини такомиллаштириш, ҳуқуқ эгаларининг ер участкаларини олганлик учун ҳақ тўлашни амалга ошириш юзасидан масъулиятини кучайтириш зарурати туғилмоқда.
Шунингдек, ер ости сувларини ерларни суғориш ва бошқа мақсадлар учун олиш кескин ўсганлиги, шунингдек, қудуқларни рухсатсиз бурғилаш ва сувлардан назоратсиз, ҳисобга олмасдан фойдаланиш ҳоллари давом этаётганлиги сабабли ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш ҳам зарур.
Қонун билан Ер кодексига давлат мулкидаги бўш турган ерларнинг ҳисобга олинишини ташкил этишни, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мос бўлган объектларни жойлаштиришни, ер участкаларини олганлик учун ҳақ белгиланган муддатларда тўланмаганда ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилишни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг турларига аниқлик киритилмоқда, суғориладиган ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ёки суғорилмайдиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича аниқ талаблар белгиланмоқда, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришининг нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш зарур бўлган ҳоллар кенгайтирилмоқда.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга ер ости сувларига қудуқни бурғилаш учун рухсатнома бериш ўрнига ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш тартибини жорий этиш белгиланмоқда. Жумладан, Солиқ кодексига ер ости сувларидан фойдаланувчилар томонидан сувни ҳисобга олиш воситаларисиз сув олинганида солиқ тўловини белгиланган солиқ ставкасининг беш баравари миқдорида ундириш назарда тутилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонунга маъмурий-ҳудудий бирликларнинг давлат реестрида объектни маъмурий-ҳудудий белгилашнинг тизимли коди тўғрисидаги ахборот акс эттирилишига қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши ерларни муҳофаза қилиш ва ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, Маъмурий-ҳудудий бирликлар давлат реестрининг ахборот тизимини такомиллаштиришга, шунингдек, ер ости сувларидан қонунга хилоф равишда фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга, мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини, ижтимоий шерикликни такомиллаштириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, ижтимоий-иқтисодий соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини аниқ белгилаш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик, жамоатчилик назоратини амалга ошириш натижалари бўйича тайёрланган якуний ҳужжатни кўриб чиқмаганлик, ҳомийлик тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузганлиги учун жавобгарлиги қайта кўриб чиқилмоқда.
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларига давлат органлари томонидан бевосита давлат ижтимоий буюртмалари берилишининг янги механизмлари белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг мажбуриятлари, уларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари қайта кўрилиб, қайта рўйхатдан ўтказганлик учун давлат божи миқдори, шунингдек, ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартиби аниқлаштирилмоқда.
“Жамоат фондлари тўғрисида”ги қонунга жамоат фонди муассислигига бўлган талаблар кучайтирилишини, жамоат фондини давлат рўйхатидан ўтказиш шартлари ва тартиби аниқлаштирилишини, жамоат фондининг мол-мулкидан фойдаланиш янада эркинлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бир календарь йилда банк ҳисобварақларида пул айланмаси мавжуд бўлмаган жамоат фонди учун ушбу календарь йилда ўз фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш ихтиёрий тартибда амалга оширилиши белгиланмоқда.
“Ҳомийлик тўғрисида”ги қонунга хайрия қутиларидан фойдаланиш тартибини белгиловчи, олинган ҳомийлик хайрияларини ҳисобга олиш ва улар тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш ҳамда ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини такомиллаштирувчи нормалар киритилмоқда.
Муҳокама давомида сенаторлар томонидан ушбу қонун фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга, унинг самарадорлигини оширишга, шунингдек, ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокама сўнгида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2024 йил 23 август) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қонун билан ратификация қилинаётган мазкур Шартнома Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари томонидан 2024 йил 23 август куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси Олий давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида имзоланган.
Мазкур Шартнома икки давлат мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва барқарор иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашга қаратилган давлатлараро муносабатларнинг янги босқичини шартномавий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашни назарда тутади.
Шунингдек, Шартномада томонларнинг бир-бирларига қарши қаратилган ҳеч қандай блоклар ёки иттифоқларда қатнашмаслик ҳамда томонлардан бирининг фикри бўйича икки давлатнинг стратегик шериклиги ва иттифоқчилик муносабатларига зарар етказадиган ҳар қандай ҳаракатларда иштирок этишдан сақланиш каби мажбуриятлари белгиланган.
Қонун билан мазкур Шартноманинг ратификация қилиниши икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч, дўстона алоқалар ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, Шартнома сиёсий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратади.
Бундан ташқари, Шартнома икки мамлакатнинг ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш, логистика, энергетика, саноат, таълим ва туризм каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини очиб беради.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлисда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда соҳага илм-фан ютуқларини жорий қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда тадбиркорлик субъектларига илмий асосланган ахборот тақдим этиш, замонавий хизматлар кўрсатиш, ишлаб чиқаришга илм-фан ютуқлари ва инновацияларни кенг жорий этиш, уларнинг узвий интеграциясини таъминлаш борасида қатор ютуқларга эришилган.
Бугунги кунда илм-фан, ишлаб чиқариш ва замонавий агрохизматлар кўрсатиш узвийлигини таъминлаш мақсадида 1 та дирекция, 13 та илмий-тадқиқот институти ҳамда 49 та тажриба станциясини қамраб олган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази фаолият олиб бормоқда.
Илмий-тадқиқот институтлари томонидан дон ва дуккакли экинларнинг 6 та янги нави яратилган ҳамда Давлат реестрига киритилган. 517 гектар майдонда кузги юмшоқ буғдойнинг 17 та янги истиқболли нави етиштирилиб, 3,4 минг тонна юқори авлодли уруғлик тайёрланган.
2024 йилда илк бор тажриба-синов тариқасида юқори ҳосилдор, касаллик ва зараркунандаларга чидамли ғўза навлари ҳамда дурагайлари Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Исроил, Тожикистон ва Қирғизистондан олиб келиниб, республикамиз бўйича жами 96 минг гектар майдонга экилган.
Миллий марказ тизимида Венгрия селекциясига мансуб 450 минг дона картошка уруғларини“in-vitro” шароитида кўпайтириш йўлга қўйилган. Ҳудудларда аҳоли даромадини кўпайтириш бўйича илк бор “хонадонбай” усулида бажариладиган илмий лойиҳалар механизми жорий этилган.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшмоқда.
Республика бўйича суғориладиган 821 минг гектар ерда тупроқ сифатини баҳолаш, 620 минг гектарда шўрланиш даражасини аниқлаш ишлари олиб борилган, 807 минг гектарда агрокимёвий таҳлил ўтказилиб, уларнинг картограммалари тузилган.
Шу билан бирга, ялпи мажлисда маҳаллий селекцияга мансуб янги нав ва дурагайларни етиштириш ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳага илм-фан ютуқларини жорий қилиш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди.
Сабзавот экинлари уруғларининг тур ва навлари бўйича маркетинг хизмати ташкил этилмаган. Сертификатланган уруғларни етказиб бериш учун истеъмолчилар томонидан уруғлар тури ва навларига буюртмалар бериш механизми тўлақонли шакллантирилмаган.
Шунингдек, экспортбоп, импорт ўрнини босадиган навлар, уруғлар, ишланмалар ва илмий натижаларни тижоратлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалигида илм ва инновацияларни кенг жорий қилишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги талаб даражасида эмаслиги таъкидланди.
Муҳокама якунида ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорига асосан Шамсиддин Мамарежабович Тожиев бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 13 та масала кўриб чиқилди, шу жумладан, 10 та қонун маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати