Маҳалла раислари сайлови янгича демократик тамойиллар асосида ўтказилади

448

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида жорий йилнинг май-июль ойларида ўтказиладиган Фуқаролар йиғини раиси сайловларини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жобир Асқаров  ушбу масъулиятли жараён ҳақида батафсил маълумот берди.

Эътироф этилганидек, бугунги кунда мамлакатимиз маҳаллалари юртимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини ҳаракатга келтирувчи асосий кучга айланди. Жорий йилнинг май-июль ойларида юртимиз бўйлаб катта сиёсий тадбир – маҳалла раислари сайлови бўлиб ўтиши аҳамиятга молик. Сайловлар 1 май санасидан бошланади.

Шу муносабат билан мамлакатимиздаги мавжуд 9 минг 452 та маҳаллада сайловларни юқори савияда ташкил этиш бўйича жадал ишлар амалга оширилди.

Президентимиз таъбири билан айтганда, бугун барча ислоҳотлар маҳаллада бўлмоқда. Маҳалланинг қиёфаси ўзгариб, одамларимизнинг дарду-ташвиши маҳалланинг ўзида ҳал бўлмоқда.

Шундай экан, бу йилги маҳалла раислари сайловини янгича демократик тамойиллар асосида, очиқлик ва ошкораликда, фуқароларимизнинг хоҳиш ва иродасини эркин ифода этиш принципларига хос тарзда ўтказиш юзасидан барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Маълумки, жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Янги таҳрирдаги қонунга кўра, эндиликда маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилди.

Йил аввалидан май-июль ойларида ўтказиладиган маҳалла раислари сайловига қизғин тайёргарлик ишлари амалга оширилди.

Маҳаллалар уюшмасида Республика штаби, 14 та ҳудудда ҳамда 208 та туман ва шаҳарларда маҳалла раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар қошида Штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Кўмаклашувчи комиссияларнинг маҳалла раислари сайловига доир 32 турдаги ҳужжатлар лойиҳаси тайёрланиб, ҳудудларга етказилди.

Маҳалла раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича медиа-режа ишлаб чиқилди.

Сайлов ўтказиладиган кун, вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг расмий веб-сайтида жойлаштириб борилмоқда.

Сайловлар ўтказиладиган жойларга номзодлар ва сайловга оид маълумотлар стендлари жойлаштирилди.

14 та ҳудудда Кенгашларнинг сессиялари ўтказилиб, маҳалла раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари (жами 338 нафар аъзолардан иборат) ва чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. 208 та туман (шаҳар) Кенгашлари сессиялари қарори билан фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туманлар ва шаҳарлар комиссиялари тасдиқланди.

Май-июль ойларида бўлиб ўтадиган сайловларда ишчи гуруҳлар томонидан 208 та туман (шаҳар) кўмаклашувчи комиссияларнинг қарори билан маҳаллаларда вакиллар миқдори белгиланди. Сайловда 2 миллион 591 823 нафар вакиллар иштирок этиши кутилмоқда.

Ушбу сайловларда юртимиз фуқаролари фаол иштирок этиб, ҳар бир кўча, гузар, маҳалла фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшиши муҳимдир.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири