Покистон вазири: Ҳиндистон уч кун ичида зарба беришни режалаштирмоқда

240

Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир минтақасида содир этилган террор ҳаракатидан сўнг икки давлат ўртасидаги зиддият яна авж олди. Шундай мураккаб бир шароитда Покистон ахборот вазири Атоулло Тарор ҳинд томони тез орада қўшни мамлакатга зарба бериш эҳтимолини истисно қилмаяпти.

– Ҳиндистон яқин 24-36 соат ичида Паҳалгам ҳодисасини баҳона қилиб, Покистонга ҳарбий ҳужум уюштириш ниятидалиги ҳақида ишончли маълумотга эгамиз, – деб ёзган мулозим ижтимоий тармоқ орқали. – Ҳар қандай босқинчилик ҳаракати Исломобод томонидан қатъий жавоб билан кутиб олинади.

Ҳар икки давлат ядро қуролига эгалиги боис янада кучайиши мумкинлиги айтилаётган кескинликка яна бир неча сабаб ҳам кўрсатиляпти. Масалан, покистонлик сенатор Саҳар Камрон “РИА Новости” агентлигига берган интервьюсида айтишича, Ҳинд дарёсидан Покистонга оқаётган сув тўсилиши эҳтимоли ядро урушини қўзғатиши мумкин экан.

– Покистон оби ҳаётга “ҳаётий миллий манфаат” сифатида қараши, Ҳиндистон эса сувдан стратегик восита сифатида фойдаланишини ҳисобга олсак, можаро ядровий тус олиши эҳтимоли мавжуд, – дейди парламентарий. – Покистон Ҳинд дарёси тизимига қарамлиги жуда муҳим жиҳат: айни миқдор суғориладиган ерларнинг 80, қишлоқ хўжалиги экинзорларининг 93 ва ялпи ички маҳсулотнинг 25 фоизига тенг. Шунинг учун “сув режимининг ҳар қандай бузилиши мамлакат учун даҳшатли оқибат келтириб чиқаради. Бундай ҳолатга Исломобод бошқа икки томонлама келишувларни бекор қилиш орқали жавоб қайтаради.

Ҳинд суви шартномаси бу икки қўшни эл ўртасида сув ресурси тақсимланишни тартибга солувчи келишувдир. 1960 йил имзоланган шартномага кўра, Ҳиндистон шарқий дарёлар – Рави, Бис ва Сутлеж устидан назоратни таъминлайди. Покистон эса Ҳинд, Желум ва Ченаб каби ғарбий дарёлар оқимини мувофиқлаштиради. Битимага кўра, Ҳиндистон ғарбий дарёлар Покистон томон оқишига рухсат бериши шарт. Фақат айрим мустасно ҳолатлар бор. Ғарбий дарёлар Ҳинд ҳавзаси умумий оқимининг 80 фоизидан кўпини ташкил этади.

Юзага чиққан кескинлик БМТ раҳбариятини ҳам бефарқ қолдирмади. Куни кеча Бош котиб Антониу Гутерриш вазиятни юмшатиш мақсадида томонларга ёрдам таклиф этган. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик хабар берди.

Таъкидланишича, жаҳон ташкилоти раҳбари сешанба куни Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан телефон орқали мулоқот қилган. Бош котиб можаро авж олаётганидан чуқур хавотир билдириб, фожиали оқибатга етаклаши мумкин бўлган қарама-қаршиликдан қочиш зарурлигини таъкидлаган.

С.Раҳимов, ЎзА