Халқаро жарроҳлик гуруҳи 300 нафар эҳтиёжманд беморда бепул операция ўтказади

226

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб «Соғломлаштириш ойлиги» тадбирлари ўтказилмоқда.

Ушбу тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағаллик реестрига киритилган аҳоли ўртасида касалликларни эрта аниқлаш ва беморларни яшаш ҳудудининг ўзида давлат ҳисобидан соғломлаштириш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Ушбу акцияда Кувайт давлатининг «Ал-амал» халқаро жарроҳлик гуруҳи ҳам ўзининг гуманитар миссияси билан иштирок этмоқда. Бу – икки давлат раҳбарлари томонидан йўлга қўйилган ва тобора мустаҳкамланиб бораётган ўзаро дўстона ҳамкорлик муносабатларининг амалий натижасидир.

Юртимизга ташриф буюрган 40 нафардан зиёд энг малакали хорижлик мутахассислар Нукус шаҳрига етиб келди.

“Ал-амал” халқаро жарроҳлик гуруҳи бир ҳафта мобайнида Қорақалпоғистон Республикасида бўлади.

Шу аснода Оролбўйи минтақасида жойлашган туман ва шаҳарларда ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган, шу жумладан, юқори технологик жарроҳлик амалиётини ўтказишга муҳтож 300 нафарга яқин болалар, аёллар ва эркаклар соғломлаштирилади.

Хусусан, бу ерда тиббиётнинг ўнлаб йўналиши бўйича хайрия тарзида бажариладиган операциялар Республика шошилинч ёрдам илмий маркази, Республика ихтисослаштирилган Кардиология, Онкология ва радиология ҳамда Кўз микрохирургияси марказларининг минтақавий филиаллари, шунингдек, Республика кўп тармоқли катталар ва болалар тиббиёт марказларида ўтказилиши белгиланган.

Бунинг учун белгиланган манзиллардаги тиббиёт муассасаларида зарур шарт-шароитлар яратилган.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги