Депутат Шўманой туманида бўлди

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз округларида хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан мулоқот қилиш, уларнинг фикр ва таклифларини, муаммоларини тинглаш мақсадида жойларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова ҳам ўзи сайланган ҳудуд Шўманой туманида бўлиб, қатор ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъекти фаолияти билан яқиндан танишди.
Халқ вакили дастлаб ижтимоий соҳа объектларидан бири Шўманой тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникасида бўлди. Мазкур марказий поликлиниканинг қурилиш ишлари ўз якунига етган, фойдаланиш арафасида турибди.
Халқ вакили марказий оилавий поликлиниканинг аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиши, кўринишга келган беморлар учун яратилган шарт-шароитлар, тиббий асбоб-ускуналарнинг жиҳозланиши каби масалалар бўйича тиббиёт соҳаси вакиллари билан мулоқот қилди ва уларнинг фикр ва таклифларини муаммоларини ўрганди.
Маълумот ўрнида мазкур марказий поликлиника “Моншақли” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган бўлиб, 15 мингдан зиёд аҳолига хизмат қилиб келмоқда. Шўманой тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида еттита тиббий бригада аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.
Тиббиёт соҳаси вакиллари билан мулоқот чоғида анчадан буён кўп тармоқли марказий поликлиникаси иморати муаммо бўлиб келаётган эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан давлат маблағи ҳисобидан 9,5 млрд сўмга янги замонавий кўп тармоқли марказий поликлиника қад кўтарди. Кўп тармоқли марказий поликлиникада юқори категорияли 50 нафарга яқин шифокорлар, 120 га яқин ҳамширалар иш олиб бормоқда. Янгидан солинган кўп тармоқли марказий поликлиника тўлиғи билан локал тармоқга жойлаштирилган.
Депутат Г.Халмуратова маҳаллий Кенгаш депутатлари ва тиббиёт соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот давомида мамлакатимизда кейинги йиллари соғлиқни сақлаш соҳасига катта эътибор қаратилаётгани, ҳар бир инсон учун биринчи галдаги энг катта бойлик бу унинг саломатлиги эканини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб ўтди.
Мулоқот давомида тиббиёт соҳаси вакиллари ҳам тиббиёт соҳасига оид ўзларининг фикр -таклифлари ва муаммолари билан ўртоқлашди.
Халқ вакилининг кейинги манзили тумандаги йирик тадбиркорлик субъектидан бири «Шўманой Экотекс» текстиль корхонаси бўлди. Ушбу корхона иш фаолияти билан яқиндан танишди. Халқ вакили у ерда ишчилар учун яратилган шароитлар, чиқарилаётган маҳсулотнинг сифати, харидорбоплиги, экспорт салоҳияти ҳам ўрганилди.
Маълумот ўрнида «Шўманой Экотекс» масъулияти чекланган жамияти 2020 йилнинг март ойида тўлиқ қувватда ишга туширилган бўлиб, 480 нафар ишчи 3 та сменада фаолият олиб боради. Корхонада пахтадан ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, йиллик қуввати 7300 тоннадан иборат.
Мулоқот давомида депутат Г. Халмуратова туманнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланишида йирик корхоналарнинг ишга туширилиши аҳолининг бандлигини таъминлаш билан бирга, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилишини қайд эди.


Халқ вакилининг учрашувлари жойларда давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги