Тадбиркорлик-имкон сари етаклайди

307

Кегейли туманидаги Жузимбоғ овул фуқаролар йиғинида томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали аҳоли даромадини ошириш ва оилавий бандликни таъминлаш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Семинарда туман раҳбарлари, ҳудуд фаоллари ва аҳоли иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари Нуруллан Ерлепесов ва бошқалар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва шу орқали фаровонликни ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг маълумот бериб, жумладан, фуқароларимизнинг ўз томорқаларидан фойдаланиш зарурлигига тўхталиб ўтди.

Кўргазмали семинар шу ҳудудда яшовчи фуқаро Дарменбай Ибатов хонадонида ўтказилиб, уларнинг оиладаги иш тажрибаси орқали бугунги кунда томорқадан оқилона фойдаланган ҳолда қандай қилиб қўшимча даромад топиб, доимий бандликни таъминлаш мумкинлиги кўрсатиб берилди.

– 2022 йилда субсидия асосида 5,4 млн сўмга 2 сотихлик иссиқхона сотиб олиб берган эдик, – дейди ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси Азамат Магзамов. -Сўнгра биз унга 2023 йилнинг март ойида замонавий мультикультиватор сотиб олиши учун тижорат банкидан 5 млн сўмлик имтиёзли кредит олиб бердик. Бу кредитни ҳам сентябрь ойида тўлиқ ёпиб, ўз тадбиркорлигини кўрсатди. Шундан сўнг оила бошлиғи Дарменбойнинг ўзининг номига 33 млн, аёлининг номига 10 млн сўм имтиёзли кредит чиқариб, 8 сотих иссиқхона сотиб олишига ёрдам бердик. Ажратилган маблағлар асосида оилада 10 сотих томорқа ерида иссиқхона ташкил этилиб, оилавий тадбиркорлик йўлга қўйилди. Бу эса, нафақат уй хўжалигининг даромад манбаини кенгайтирди, балки оилавий бандликка ҳам йўл очди.




Албатта, бундай ташаббуслар қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини яхшилашга, тадбиркорлик маданиятини шакллантиришга ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ҳоким ёрдамчилари томонидан жойларда ҳар бир оиланинг аҳволи ўрганилиб, уларнинг имкониятларидан келиб чиқиб индивидуал ёндошиш асосида молиявий ва амалий ёрдам кўрсатилиши муҳим натижалар бермоқда. Томорқалар эса ҳамиша даромад манбаи сифатида халқимизга хизмат қилаверади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси