ОАВда таржиманинг аҳамияти

Жазоир Халқ Демократик Республикасидаги “Воҳалар”, “Янгиликлар” каби етакчи нашрлари Ал-Водий университети Санъат ва тиллар бўлими ташаббуси билан журналистикада таржима масалаларига бағишланган илмий симпозиум ташкил этилганини ёритди.
Анжуманда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ташқи алоқалар бўлими раҳбари доктор Аҳмад Жасим Аз-Зубайдий ҳам фаол иштирок этди.
Асли ироқлик, бугунги кунда юртимизда фаолият юритаётган бу устоз таржимон “ОАВда матнни ўзбек тилидан арабчага таржима қилишнинг лингвистик хусусиятлари” мавзусидаги маърузасида медиа-таржиманинг таснифи, аҳамияти ва турли платформалар ўртасидаги рақобат даражасини оширишдаги ролига урғу берди. ОАВ таржимони янгиликни қайси тилдан ўгираётган бўлса, ўша халқ маданиятини яқиндан билиши, ўткир журналистик туйғу билан турли босим остида ишлай олиши зарурлигини таъкидлади.
Доктор Аз-Зубайдий таъкидлашича, соҳадаги мавжуд муаммолар ОАВ таржимонларидан матн сифатини таъминлаш учун медиа соҳаси ва касб малакасини пухта эгаллашни талаб қилади. Хусусан, терминологияни танлашда аниқлик ва соддаликка интилиш, ахборотни етказишда бетараф позицияни эгаллаш, муайян маданиятга мослашиш, медиа матнда равшанликка эришиш муҳим. Айни хусусиятлар маъно тўғри ва аниқ етказилиши, ўзбек ва араб тиллари ўртасидаги муайян тафовутни ҳисобга олган ҳолда, матндаги атамалар бир-бирига мос келишини таъминлайди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА