Сенат қўмиталари ва маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари ҳамкорлиги янада мустаҳкамланмоқда

246

Олий Мажлис Сенати томонидан маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмаларини ошириш, қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида хабардорлигини кучайтириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида тизимли иш олиб борилмоқда.

Шу мақсадда жорий йилнинг 23–25 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раҳбарлари учун Олий Мажлис Сенатида амалиёт ташкил этилди.

Амалиёт давомида Сенат қўмиталари фаолияти билан яқиндан танишилди, маҳаллий Кенгашлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига доир долзарб масалаларни кўриб чиқишда маҳаллий вакиллик органлари иштироки самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий Кенгаш депутатларини кенг жалб қилиш, уларнинг фикр ва таклифларини инобатга олиш, шунингдек, қабул қилинаётган қонунларда ҳудудий хусусият ва имкониятларни акс эттириш бўйича амалий кўникмалар шакллантирилди.

Бундан ташқари, доимий комиссиялар раҳбарлари учун Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ташаббуси билан ўқув семинари ўтказилди.

Семинарда Сенат томонидан ишлаб чиқилган услубий қўлланма тақдим этилди. Шунингдек, доимий комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этиш, устувор йўналишлар бўйича аниқ режалар белгилаш ва ваколатлар доирасида муҳим масалаларни муҳокама қилиш масалаларига эътибор қаратилди.

Ушбу амалиёт ва семинарлар маҳаллий Кенгашлар ҳамда Сенат қўмиталари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, маҳаллий ҳокимият органлари билан ишлашда самарадорликни ошириш ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлашга хизмат қилади.