Шу кунларда Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг сиёсий партиялар форуми бўлиб ўтмоқда. Мазкур форумдан кўзланган мақсад — ШҲТ руҳини намоён этишда сиёсий партияларнинг ролини ошириш ҳамда сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, ўзаро тажриба алмашишдан иборат.

Партиялар форумида 26 та давлатнинг 60 дан ортиқ сиёсий партиялари раҳбарлари, депутатлари ҳамда вакиллари иштирок этмоқда. Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг вакиллари ҳам ушбу анжуманда иштирок этиб, турли йўналиш ва мавзулардаги сессияларда ўз маърузалари билан чиқмоқда.

Жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари ўринбосари Нодир Тилаволдиев “Модернизацияга эришиш йўлида цивилизациялараро мулоқот ва ўзаро тажриба алмашиш жараёнини мустаҳкамлаш” мавзусида чиқиш қилиб, бугун замонавий тараққиёт фақат моддий бойлик ва технологик ўсиш билан белгиланмаслиги, асосий мезон – инсон қадри, маданиятлараро бағрикенглик, глобал ҳамкорлик ва ўзаро тушуниш каби қадриятларга таянишини таъкидлади.

Халқ демократик партияси раиси ўринбосари Фирдавс Шарипов эса партия дастурий йўналишидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борадаги тажриба ҳамда ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маъруза қилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти сиёсий партиялар форуми ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим сиёсий платформа вазифасини ўтайди.

М.Комилова, ЎзА