Спорт турлари назарияси ва амалиёти кенг миқёсда ўрганилмоқда

467

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида “Спорт турлари назарияси ва амалиёти: муаммо ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда мамлакатимиздаги олий ўқув юртларидан ташқари, Россиядан ҳам олимлар, ёш тадқиқотчилар, магистрантлар ва талабалар иштирок этди.

Конференцияни филиал директорининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Рустам Ҳайдаров кириш сўзи билан очиб берди.

Сўнг конференцияда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали “Якка кураш ва табиий фанлар» кафедраси мудири Султонбек Тойлибоев, Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Саламат Сатбоев, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети «Адаптив жисмоний тарбия ва пара спорт» кафедраси доценти Элдор Оринбоев, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўқитувчиси Полатбай Мамутов, Москва шаҳар педагогика университети ўқитувчиси, педагогика фанлари номзоди, доцент Ольга Николаевна Руссу ва бошқалар томонидан бугунги куннинг долзарб масалалари бўйича маърузалар қилиниб, бу бўйича олимлар ва мутахассислар ўзларининг фикрларини билдирди.

Маърузачи ва иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар инобатга олинган ҳолда бу борада чора-тадбирлар белгилаб олинди ва фаол иштирок этган изланувчилар ва талаба-ёшлар филиал раҳбарияти томонидан сертификат билан тақдирланди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси