Истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш яхшиланмоқда

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиалида республикамизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилаш ва тармоқларда электр энергияси йўқотишларининг олдини олиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништиришдир.
Ушбу масалаларга қизиқиш билдирган оммавий ахборот воситалари вакиллари Нукус шаҳрининг қатор маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида олиб борилаётган реконструкция-модернизация ишларини кўздан кечирди.
Шу билан бирга, ушбу ҳудудлардаги филиалнинг масъул ходимлари, Нукус шаҳар электр таъминоти раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, маҳалла раислари ва ҳудудда яшовчи фуқаролар билан суҳбатлашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.







– Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг фаровон турмуш кечириши учун барча қулай шароитлар яратиб берилмоқда, – дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиали бўлим бошлиғи Қувватбой Артиқбоев.-Президент қарори асосида республикамиз бўйича жами 96 фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида турли ҳаётий муаммолар аниқланиб, улар оғир ҳудудлар рўйхатига киритилди. Шундан 87 та маҳаллада электр энергияси етказиб беришда камчиликлар борлиги маълум бўлди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида, 2025 йилда 9 356 дона темир бетон устунлари, 398,1 км узунликдаги 0,4-6-10 кВ электр узатиш тармоқлари ва 88 дона трансформатор пунктларига реконструкция ва янги қурилиш ишларини бажариш режалаштирилди. Бугунги кунда амалда 2 189 дона темир бетон устунлари ва 7,8 км масофадаги электр узатиш тармоқлари тортилди.
– Ҳудудимизда 1575 та хонадонда 7 минг 700 нафардан зиёд аҳоли тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда, – дейди “Қутли макон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Замира Қутлимуратова.-Электр энергияси билан таъминлаш масаласида, “Кенегес”, “Гузар” ва “А.Ўтениязов” кўчаларида бир қатор муаммолар бор эди. Жорий йилда ушбу муаммоларни ижобий ҳал этиш мақсадида, ушбу кўчалардаги бундан 40-50 йил олдин қурилган эски устун ва электр линиялари янги бетон устунлар ва сив кабелларга алмаштирилмоқда. Бунинг учун юртимиз раҳбарлари ва электр таъминоти ходимларига катта раҳмат айтамиз.
-Бизлар 1980 йилларнинг бошида кўчиб келган эдик,-дейди «Кенегес» кўчаси фуқароси Жалғасбай Ўтегенов.-Айрим шамол бўлган кунлари дарахтларнинг электр линияларига тегиши натижасида, уйларимизда ток ўчиб қолар эди. Мана бу йил кўчамиздаги электр тармоқларига таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Энди аввалги муаммолар кузатилмайди деб хурсанд бўляпмиз.
«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиали томонидан бундай эзгу ишлар бутун республикамиз бўйлаб давом этмоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси