Уч ойдаги хизмат кўрсатиш соҳаси натижалари қандай?
Статистика бошқармасининг маълумотларига кўра, республикамизда 2025 йил январь-март ойлари якуни билан кўрсатилган жами хизматлар ҳажми 6 трлн. 980,3 млрд. сўм бўлиб, ўсиш суръати 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 107,3 фоизни ташкил этади. Хизматлар ҳажмидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши 72,0 фоизни ташкил этади.
– Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорларнинг ижросини таъминлашга қаратилган Давлат статистика қўмитасининг комплекс чора-тадбирлар режасига мувофиқ, ўз ишларини амалга оширмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармаси Хизматлар соҳаси статистикаси бўлими бошлиғи Бахтиёр Тажибеков. – Жорий йил бошидан аҳоли жон бошига 3 миллион 434,5 минг сўмлик хизматлар кўрсатилди.
Жами кўрсатилган хизматлар ҳажмида катта улушни қуйидаги хизмат турлари ташкил этади:
- Яшаш ва овқатланиш хизматлари 2 350,7 млрд. сўм, улуши 33,7%.
- Транспорт хизматлари 1 055,2 млрд. сўм, улуши 15,1%.
- Савдо хизматлари 1 057,9 млрд. сўм, улуши 15,1%.
- Молиявий хизматлар 901,0 млрд. сўм, улуши 12,9%.
- Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 298,9 млрд. сўм, улуши 4,3%.
- Таълим соҳасидаги хизматлар 279,9 млрд. сўм, улуши 4,0%.
- Шахсий хизматлар 209,4 млрд. сўм, улуши 3,0%.
- Компьютерларни таъмирлаш бўйича хизматлар 193,4 млрд. сўм, улуши 2,8%.
Ушбу кўрсаткичлар хизматлар соҳасининг иқтисодиётда тутган ўрни ғоят муҳимлигини кўрсатмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги