Ҳафталик китобхонлар сафини кенгайтирмоқда

454

 

Жорий йилнинг 24 апрель куни Нукус тумани Ахборот-кутубхона марказида «Ўзбекистон китобхонлар юрти» V Республика «Китобхонлик ҳафталиги» доирасида Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли мактабларнинг кутубхоначилари ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди.

Тадбирда марказ мутахассиси Т.Болекбаева сўзга чиқиб, маънавий-маърифий тадбирларда кутубхоначиларнинг меҳнати юқори эканлигини таъкидлаб, кутубхоначиларни китобхонлик ҳафталигида фаол иштирок этишга, уни кенг тарғиб қилишга чақирди.

«Заковат» интеллектуал ўйинида «Тўмарис,» «Эверест,» «Eдиге», «Teрбенбес», «Алпомиш» жамоалари иштирок этиб, жами 20 саволга тез ва аниқ жавоб беришга ҳаракат қилинди.

Мусобақа ғолиблари аниқланиб, «Эверест» жамоаси биринчи, «Тўмарис» жамоаси иккинчи, «Тербенбес» жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар ва фаол иштирок этган жамоалар Ахборот-кутубхона марказининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Тадбир доирасида мактаб кутубхоначиларнинг кутубхонага саёҳати ташкил этилиб, кутубхонанинг сайти, natlib.uz сайти, кутубхонада олиб борилаётган ишлар, китобхонлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништирилди. «Китобларни улуғлаган улуғдир» мавзусида китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

«Китобхонлар ҳафталиги»нинг тўртинчи куни мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 15-21-сонли мактаб ўқувчилари ўртасида «KVEST» ўйини ҳам ташкил этилди.

Ўйин шартлари бўйича иштирокчилар топқирлиги, зийраклиги, тез айтиш ва топишмоқлар шартлари бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди.

Танлов якунига кўра 1-ўринни «Чаққонлар,» 2-ўринни «Жийдали,» «Зийраклар,» «Лидерлар,» 3-ўринни «Билимлилар» жамоалари эгаллади. Ғолиблар марказнинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Ахборот-кутубхона марказидаги китобхонлик ҳафталиги тадбирлари давом этиб, бугун Нукус тумани Инсон хизматлари марказининг ижтимоий ҳимояга муҳтож доимий аъзолари бўлган китобхонлар билан «Меҳрдан бошланар юракларга йўл» мавзусида учрашув кечаси бўлиб ўтди.








Кечани Ахборот-кутубхона маркази директори Л.Нуримбетова очиб бериб, йиғилганларга дунёнинг энг машҳур инсонлари китобхон бўлганлиги, юртимизда меҳр-мурувватга муҳтож инсонларга давлатимиз томонидан яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланишни, ҳеч бир фуқаро меҳр-мурувват етиб боришидан четда қолмасин деган шиор остида кутубхона мутахассислари томонидан доимий равишда ижтимоий таъминотга муҳтож инсонларга хизмат кўрсатиб келинаётганлигини таъкидлади.

Тадбир давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож китобхонлар ҳам ўзлари қизиқиб ўқиётган китоблари, китобга қандай меҳр қўйганликлари ҳақида ёшларга сўзлаб берди.

Тадбирда иштирокчиларга марказнинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди. Кеча 14-сонли мактабнинг «Маданият юлдузлари» тўгараги аъзоларининг концерт дастури билан давом этди.

Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган ушбу тадбирлар китобхонлар сафини кенгайтираётганини таъкидлаш зарур.

Гулжаҳон Сейдуллаева,

Нукус тумани ахборот-кутубхона маркази китоб фондини тўлдириш, сақлаш ва уларга ишлов бериш хизмати бошлиғи.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги