Мактаб раҳбарлари замон талабларига мос бўлиши керак

336

Жорий йилнинг 25-30 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси педагогик маҳорат маркази томонидан «XXI аср мактаб директори: стратегик етакчилик ва инновацион ёндашув» мавзусида семинар-тренинг ташкил этилиши белгиланган бўлиб, бугун ушбу тадбирларнинг дастлабки кунги ишлари бошланди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Кожабаева, Педагогик маҳорат маркази директори В.Бекмуратовалар сўзга чиқиб, директорларнинг касбий ривожланиш жараёнларини тўғри ташкил этиш, мониторинг қилиш, халқаро сертификатларга тайёрланиш имкониятларини яратиш ва ўқитувчиларда янги аср компетенцияларини ривожлантириш бўйича салоҳиятини ошириш бугунги куннинг талаби эканлигини таъкидлади.

Ўтказилаётган ушбу семинар-тренинглар ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилади.

Тренинг 4 модуль асосида олиб борилиши белгиланган.

Биринчи модулда меъёрий-ҳуқуқий асослар ва ташкилий қисмда директорлар «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати»нинг ҳуқуқий асослари, касбий ривожланиш координаторининг вазифалари ва мониторинг шакллари билан танишади.

Иккинчи модуль: XXI аср ўқитувчилари ва лидерлари деб номланиб, унда замонавий лидерлик компетенциялари, ўзгаришларга мослашиш, гуруҳнинг ички мотивациясини ошириш бўйича стратегиялар таҳлил қилинади.

«Ўқитувчилар қандай қилиб касбий ривожланади?» мавзусига бағишланган учинчи модулда ўқитувчиларнинг касбий ривожланиш йўллари, мониторинг қилиш усуллари ва амалиётни мактабда қўллашга оид усуллар кўриб чиқилади.

Тўртинчи модуль – «Глобал устоз – глобал мактаб.» Унда халқаро сертификатлар (Google Educator, Microsoft Certified Educator, Cambridge ТКТ ва ҳ.к.) ҳақида маълумотлар берилиб, уларни мактаб амалиётига татбиқ этиш йўллари кўрсатилади.

Ушбу семинар-тренингга Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 727 мактаб директори қамраб олинган. Уларнинг касбий ривожланишига, шунингдек, мактабларда инновацион муҳит яратилишига ҳисса қўшиши белгиланган.








Мазкур семинар-тренинг таълим менежерларининг стратегик фикрлаши, лидерлик компетенциялари ва глобал таълим трендларига мослашишига хизмат қилади. Директорлар учун бу – нафақат билим, балки амалий кўникма ва келажакда мустаҳкам пойдевор ҳам бўла оладиган тажриба мактабидир.

Семинар-тренинг ишлари давом этмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги