Қимматли маслаҳатлари, фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ташкил этилган, асосий мақсади талаба-ёшларнинг дунёга маънавий-мафкуравий қарашини шакллантириш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишини ташкил этиш ва истеъдодини юзага чиқаришдан иборат бўлган «Талабалар баҳори» фестивали доирасидаги тадбирлар жойларда давом этмоқда.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида ҳам фестиваль доирасида «Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш» мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан келган мутахассислар иштирок этиб, ёшларга жиноятчиликнинг оғир оқибатлари ҳақида маълумотлар бериб, қимматли маслаҳатлари, фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Жиноятнинг турлари, содир этилаётган жиноятлар, унга нисбатан қонун доирасида қўлланилаётган жазо чоралари, унинг олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қилинаётган чоралар ҳақида сўзлаб бериб, ҳуқуқбузарликлардан йироқ бўлишга чақирди.
Давлат хавфсизлиги ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ушбу маънавий-маърифий тадбирда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича қилинаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.



Мамлакатимизда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган янгича чора-тадбирларга кенг тўхталиб ўтилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Талабалар бу борадаги ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги