Инновацион ёндашув ва устувор йўналишлар белгиланди

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида қишлоқ хўжалиги соҳаси етакчи стратегик тармоқлардан бири сифатида белгиланган. Унинг замонавий, инновацион ва рақобатбардош шаклларда ривожланиши Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг муҳим омилларидан биридир.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида Беруний туманидаги «Ниятулла Азизбек» фермер хўжалиги дала шийпонида ташкил этилган амалий семинар ушбу ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур семинарда вазирлик тизимидаги ташкилотларнинг раҳбарлари, мутасаддилари, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари иштирок этди.
Семинар аввалида вазирлик тизимига кирувчи ташкилотлар вакиллари билан қишлоқ хўжалигининг бугунги ҳолати, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, экспортбоп ва рақобат бардош ҳосил етиштириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда ҳар бир ҳудуддаги аграр муаммоларни бевосита жойига чиқиб ўрганиш, улар бўйича аниқ ечимлар ишлаб чиқиш ва амалий натижаларга эришиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди. Ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги чуқур таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига доир вазифалар кўрсатиб ўтилди.
Вазир ўз нутқида қишлоқ хўжалиги бугунги кунда стратегик аҳамиятга эга соҳа сифатида янгича ёндашувни талаб этаётганини таъкидлади. Шу боис, ҳар бир туман ва сектор фаолияти илмий асосланган, технологик ва инновацион ёндашувларга таянган ҳолда ташкил этилиши зарурлигини таъкидлади.
Мулоқотда вертикал бошқарув тизими, ҳудудий бўлинмаларнинг ягона бошқарув занжирига асосланиши, масъулият ва натижадорлик тамойилларига амал қилган ҳолда ишлаши зарурлиги таъкидланди.
Вазир фермерлар ва агрокластер раҳбарлари билан мулоқотда соҳа ходимларининг замонавий билимларга эга бўлиши, бозор талаблари ва глобал рақобатга тайёр бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, сув ресурсларини оқилона бошқариш, интенсив технологияларни жорий этиш ва ариқларни тартибга келтириш бўйича аниқ топшириқлар белгиланди.
Йиғилишда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, захираларни ҳисобга олиш ва уларни самарали бошқариш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, «Омбор дафтари» тизими – озиқ-овқат маҳсулотларининг кириб-чиқишини мунтазам равишда рўйхатга олиш орқали захираларни назорат қилиш механизмини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, вазир пахтачилик бўйича Пахтачилик кенгаши олимлари томонидан ишлаб чиқилган услубий қўлланмаларга қатъий риоя қилиш, дала майдонларида хорижий навлар учун озуқа майдонларини, маҳаллий навлар учун эса махсус ҳимоя зоналарини ташкил этиш, шунингдек, томчилатиб суғориш технологияларини босқичма-босқич ва тизимли жорий этиш бўйича топшириқлар берди.






Маълумот учун, Пахтачилик кенгаши олимлари бир ҳафта давомида Беруний ва бошқа туманларда бўлиб, пахта етиштириш тажрибасини ўрганади, агротехник ёндашувларни таҳлил қилади ва фермер хўжаликларига илмий-амалий ёрдам кўрсатади. Бу орқали илмий ёндашувларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ва дала ишлари самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги