Анқарада ижтимоий соҳада икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди

Анқара шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Туркия Республикаси оила ва ижтимоий хизматлар вазири Маҳинур Оздемир Гёкташ билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ижтимоий соҳада ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, томонлар ижтимоий ҳимоя, оила институти ҳамда аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, ижтимоий хизмат ходимларининг малакасини ошириш, қуйи бўғингача сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини таъминлаш, тегишли қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тажриба алмашиш ҳақида фикр юритилди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қуйилганлигини инобатга олиб, оила, хотин-қизлар масалалари ва ижтимоий хизмат кўрсатиш ҳудудий бўлимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида икки мамлакат тадбиркор аёлларининг бизнес-форумлари ўтказишга келишиб олинди.