Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида 2008-2009 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида кураш бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.

Тўрт кун давом этган мусобақанинг сўнгги кунида иштирокчилар умумжамоа беллашувларида ўзаро куч синашди.

Кескин курашларга бой бўлган мусобақа якунида, барча рақибларини мағлуб этишга муваффақ бўлган Сурхондарё вилояти жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, бош соврин соҳибига айланди.

Финалга қадар мағлубиятсиз етиб келган Сирдарё вилояти жамоаси иккинчи, Бухоро вилояти ва республикамиз ёш полвонлари фахрли учинчи ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди.

– Мусобақа давомида яккакураш баҳсларида республикамизнинг умидли полвонларидан +90 кг да Ерсултан Толибаев ва +70 кг да Нафиса Асаматдиновалар олтин, 55 кг да Баубек Адайбаев кумуш, 70 кг вазнда Севинич Юлдашева, 44 кг да Улбосин Даулетмуратова бронза медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлди, – дейди республикамиз терма жамоаси катта мураббийи Жамшид Тўрабоев.

Ўтказилган мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан махсус диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси